Элчилар эътирофи. ТИВдаги учрашувлар ҳақида
Сўнгги бир неча кун ичида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов кетма-кет турли мамлакатлар элчиларини қабул қилди. Учрашувлар томонлар манфаатига хизмат қилди, дейиш мумкин.
Жумладан, Саудия Арабистони Подшоҳлигининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юсуф Ал-Утайбий иштирокидаги тадбирда икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболи муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил август ойида Саудия Арабистонига амалга оширган давлат ташрифи якуни бўйича эришилган келишувлар ижроси юзасидан фикр алмашилди.

Мулоқот чоғида томонлар халқаро институтлар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлаши маълум қилинди. Савдо-иқтисодий алоқани жадаллаштириш ва саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга ошириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Шунингдек, бўлажак тадбир ва ташрифлар жадвали тўғрисида сўз юритилди. Хусусан, жорий йил 23 январдан 23 апрелга қадар Жидда шаҳрида бўлиб ўтадиган I Ислом санъати биенналесида мамлакатимиз иштироки билан боғлиқ масала атрофлича муҳокама қилинди.
Эрон Ислом Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳамид Найрободий билан музокарада эса Афғонистон масаласига Ўзбекистон ва Эроннинг ёндашуви яқинлиги қайд этилди.

Ўзбекистон – Эрон муносабати сўнгги йилларда мутлақ янги суръатда ривожланаётгани мамнуният билан эътироф этилиб, Президент Иброҳим Раисийнинг 2022 йил сентябрда юртимизга расмий ташрифи давомида эришилган келишувларни тўлиқ амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Томонларнинг савдо-иқтисодий йўналишдаги қўшма лойиҳаларни илгари суришга тайёрлиги тасдиқланди. Бундан ташқари транспорт соҳасидаги ҳамкорликни, жумладан, икки мамлакат манфаатини ҳисобга олган ҳолда янги халқаро транспорт йўлакларини кенгайтириш орқали янада мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Бахтиёр Саидов Бирлашган Араб Амирликларининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Саид Матар Ал-Қамзий билан ҳам учрашди.

Кўп қиррали Ўзбекистон – БАА ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг долзарб жиҳатлари, умумий кун тартибини янги амалий мазмун билан бойитиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
– Аввал эришилган келишувлар ижроси юзасидан фикр алмашилди ҳамда икки томонлама тадбирлар жадвали келишиб олинди, – дейилади ТИВнинг ушбу тадбир тафсилоти ҳақидаги ахборотида. – Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги мулоқотни вазирликлараро маслаҳатлашув йўли билан мунтазам давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Суҳбат даваомида Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва маҳсулотлар таркибини диверсификация қилишга қаратилган қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди.
ЎзА мухбири
Б.Худойбердиев тайёрлади.