Эл бошига иш тушганда
Бойсунда ҳам кўчма савдо нуқталари иш бошлади
Бойсунда ҳам кўчма савдо нуқталари иш бошлади
Бойсун туманида аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини ўрганган олтинчи сектор раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи, подполковник Ш.Саидов маҳаллаларда кўчма савдо нуқталари ташкил этиб, кийим-кечак, хўжалик моллари ва бошқа уй-рўзғор буюмлари савдосини йўлга қўйди.
Тоғли туманда коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш, аҳоли ҳаёти ва соғлигини муҳофаза қилиш юзасидан жорий этилган карантин тартиблари давом этмоқда. Ўзини-ўзи яккалаш шароитида аҳолига яратилган бу қулайлик уларнинг мақсадсиз кўчага чиқишининг олдини олаётир. Савдо хизмати кўрсатиш карантин тартиблари ва санитария-гигиена қоидалари асосида амалга оширилмоқда.
Тумандаги Мустақиллик маҳалласида ташкил этилган кўчма савдо нуқтасида ҳам тадбиркорлар катталар, хотин-қизлар ва болалар кийим-кечаклари, турли хўжалик молларини арзон нархларда таклиф этди.

– Кўчма савдо нуқталарининг йўлга қўйилгани маҳалламиз аҳли учун катта енгиллик бўлди, – дейди Мустақиллик маҳалласида яшайдиган М.Норқулова. ¬ Турли кийим-кечак ва хўжалик моллари, уй-рўзғор буюмлари, айниқса фарзандларимизга баҳорги кийимлар олиб беришга эҳтиёж сезиб турган эдик. Барака топишсин. Бу айни муддао бўлди. Биз карантин қоидалари асосида белгиланган масофани сақлаб, бир-биримизга ўзаро ҳурмат билан савдо қилмоқдамиз. Яратилган бу қулайлик уйда қолиб, кўринмас бу балони тезроқ енгишимизга хизмат қилади. Синовли шу кунларда бизнинг ғамимизни, халқимиз осойишталигини ўйлаб, бу ишларни амалга ошираётган ташкилотчиларга мингдан-минг раҳмат.
Тоғли ва чекка туманда аҳолига кўчма савдо хизмати кўрсатиш давом этмоқда.
