Эл бошига иш тушганда
Сенатор: ҳар қачонгидан 5-10 ҳисса кўпроқ меҳнат қилиш керак
Сенатор: ҳар қачонгидан 5-10 ҳисса кўпроқ меҳнат қилиш керак
Халқимизда, чумолининг ҳам уйи бузилмасин, деган донишона гап бор, чунки уй бу – Ватан ичра мўъжаз ватандир. Ана шу кичиккина ватани бунёд этиш учун эса қанча машаққат, пешона тери, қийинчиликларга дуч келамиз.
Бироқ гўзал, хушманзара, обод жойда ҳар қандай киши 1-2 кунда зерикади, ўз уйига талпинади. Ўз уйим – ўлан тўшагим, деган ибора ҳам шундан қолган бўлса, ажаб эмас.
Сардоба сув омборида рўй берган фавқулодда вазият бутун республикани оёққа турғазди. Етти ухлаб тушига ҳам кирмаган фалокат туфайли бугун 70 мингга яқин фуқаро уй-жойидан вақтинча кўчирилди. Минглаб фуқаролар бошпанасиз, мол-мулксиз, боғ-роғсиз қолди.
Хону-монидан айрилган инсоннинг фожиасини тушуниш, юракдан туйиш учун уларнинг қалб кўзиига боқа билиш керак, уларнинг меҳнат билан ўтган умрларини ҳис қила билиш керак бўлади.
Ҳаётим давомида ҳар бир эришган катта-кичик муваффақиятларим замирида тинимсиз ўқиш, меҳнат, ўз устида мунтзам ишлашларим мужассам.
Мен раҳбарлик қилаётган туманга ҳам фуқароларимизнинг хоҳишларига кўра “Сардоба” сув омбори тошқинидан талофат кўрган оилалар эвакуация қилинган. Бўш вақт топилди дегунча улаарнинг олдига бораман, эркагу аёл билан суҳбат қураман, гаплашаман, баъзиларидан ўргансам, баъзиларини кўнглини кўтараман.
“Умрингнинг ярмини ватан қуришга сарфласангу бир кеча кундузда уйсиз қолсанг”, деган ўй ич-этларини кемириб ётибди, албатта, ҳар бирининг.
Бирининг оиласи 11 нафар, молу-ҳол эвазига кун кўрган. Қочаётиб 10 бош молни бўшатиб юбордик, афсус, 4 бош бузоқ боғлоқлик қолиб кетди, бегуноҳ жониворларга жоним ачийди, дейди ўкиниб. Яна бири омон қолганига шукрона келтириб, 20 сотих ерда гуллаб турган картошкаси увол бўлганини айтади.
Кўзларига боқиб мунгни кўраман, кўнглини кўтаришга, сабр-бардошли бўлишга, ҳали ҳаммаси из-изига тушиб кетишига ишонтиришга ҳаракат қиламан.
Президентимиз фалокат нуқтасига келиб фожиани ўз кўзлари билан кўрдилар, сув тошқинидан жабрланганлар билан юзма-юз учрашиб, суҳбатлашдилар, бирор киши уйсиз, мол-мулксиз, ишсиз қолмаслигини айтиб, минглаб жабрдийдалар қалбларида ишонч, умид учқунларини уйғотди.
Давлатимиз раҳбари, жорий йилнинг 5 май куни бўлиб ўтган видеоселекторда зарар етган уй-жойларни тиклаш ва таъмирлаш, одамларни ўзининг тикланган уйига қайтариш ва рўзғорига ёрдам бериш, инфратузилмани тиклаш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш бўйича барча масалалар ҳал қилинмагунча Сирдарёга бириктирилган ҳар бир раҳбар кучайтирилган сафарбарлик режимида ишлашини таъкидлади.
Ҳақиқатдан ҳам, аслида, ўлимдан бошқа ҳамма нарсанинг иложи бор. Тошқин сабаб юзлаб юртдошларимизнинг уйи бузилди, мол-мулки нобуд бўлди.
Президентимизнинг “Сардоба” сув омбори тошқинидан зарар кўрганлар билан юзма-юз мулоқотидан сўнг халқ оёққа турди, бутун Ўзбекистон қўзғалди.
7 ёшдан 70 ёшгача ҳар ким атаганини, баҳоли қудрат тошқиндан зарар кўрганлар учун йўллайверди.
Мана қандай буюк халқмиз, мана қандай саховатли эл фарзандларимиз. Ахир биз баъзиларга ўхшаб, 5-6 миллион эмас, 34 миллионлик ўзбекистонликлармиз. Доно халқимизда, бир бурдадан берса тўйдиради, бир муштдан урса ўлдиради, деган ажойиб нақл бор. Бунинг учун эса бир муштга айланишимиз лозим.
Сенатор сифатида, туман раҳбари сифатида шуни эътироф этаманки, бугун давлатимиз раҳбари атрофида ҳар қачонгидан-да жипслашишимиз лозим. Коронавирус пандемиясига қарши курашиш шароитида қараб туришга вақт йўқ.
Бугунги кунда Сардоба сув омборидан оқиб чиққан сув кўллаган барча ҳудудлар тозаланиб, катта қурилиш майдонига айланиш арафасида. Ҳали бу ҳудудларда шунақанги чиройли масканлар қад кўтарадики, одамлар бу фожиали кунларни мийиғида кулиб эслаб юрсалар ажаб эмас.
Сардоба тўлиғича замонавий қишлоққа айлантирилади, деди президентимиз. Демак, шундай бўлади. Фақат бу жуда катта маблағ талаб қилади. Бу борада мен барча раҳбарларни, туман ҳокимларини бу йил қишлоқ хўжалиги йилида ҳосилдорликни 2 эмас, балки 5-10 баравар ошириш йўлида астойдил меҳнат қилишга чақираман. Чунки, буни биздан Ватан, халқ, қолаверса Президентимиз кутяпти.
Биз боёвутликлар далаларимизда меҳнатни бўшаштирмай, ҳосилдорликни 4-5 баравар оширишга бел боғладик. Ерларимиз мисли жаннат, чўп қадасангиз, ҳосил беради. Демак, биз бу йил юқори ҳосил кўтармоғимиз, янги қурилажак замонавий қишлоқларга ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим ва шарт. Шундай бўлади ҳам.
Биз эзгу ишга яхши ният билан қўл урдик. Эзгу ишлар рўёбини эса Аллоҳнинг ўзи ҳамиша қўллайди. Яратгандан барокот, биздан эса ҳаракат лозим.
Дилфуза ЎРОЛОВА,
Боёвут тумани ҳокими,
Олий Мажлис Сенати аъзоси