Экспортга йўл: қайта ишлаш режими амалда
Ҳудудларда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, экспортбоп ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда божхона тартиб-таомилларидан самарали фойдаланиш механизмларини амалиётга кенг жорий этиш мақсадида Бухоро вилоят божхона бошқармаси масъул ходимлари томонидан “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими бўйича жойларда тизимли равишда сайёр учрашувлар, амалий мулоқотлар ва маслаҳатлар ташкил этилмоқда.
Мазкур тадбирлар доирасида навбатдаги учрашувлар Вобкент тумани ҳудудида фаолият юритаётган ишлаб чиқарувчи ва қайта ишловчи корхоналарда ўтказилди. Учрашувлар жараёнида асосий эътибор корхоналар томонидан “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими имкониятларидан тўлиқ, тизимли ва мақсадли фойдаланишни йўлга қўйиш, уни ишлаб чиқариш жараёнига интеграция қилиш, иқтисодий самарадорликни ошириш ҳамда экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш занжирини шакллантириш масалаларига қаратилди.

Божхона мутахассислари томонидан тадбиркорларга мазкур режимнинг ҳуқуқий асослари, амал қилиш тартиби, техник механизмлари, божхона имтиёзлари, солиқ юкини оптималлаштириш имкониятлари, хом ашё импорт қилиш ва уни қайта ишлаб тайёр маҳсулот сифатида экспортга чиқариш жараёнларининг босқичма-босқич тартиби атрофлича тушунтирилди. Шунингдек, товарларни расмийлаштиришда ҳужжатлаштириш жараёнларини рақамлаштириш, электрон божхона платформалари, декларациялаш тизими, логистика занжирларини оптималлаштириш ҳамда ташқи бозорлар билан ишлашда ҳуқуқий ва иқтисодий хавф-хатарларни бошқариш усуллари юзасидан ҳам аниқ йўриқномалар берилди.

Хусусан, “Lux Pet Plast” МЧЖда бўлиб ўтган мулоқотда корхона жамоасига “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими билан бир қаторда ваколатли иқтисодий оператор мақомининг стратегик афзалликлари, тезлаштирилган божхона тартиб-таомиллари, камайтирилган текширувлар, ишончли субъект сифатида тан олиниш, логистика харажатларини қисқартириш ва экспорт жараёнларини жадаллаштириш имкониятлари кенг ёритиб берилди.

Шунингдек, тайёр маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқариш тартиби, экспорт шартномаларини тузиш, халқаро савдо қоидалари, сертификатлаштириш, техник регламентлар, маҳсулот сифати стандартлари ҳамда экспорт жараёнида юзага келиши мумкин бўлган молиявий, логистик ва ҳуқуқий таваккалчиликларнинг олдини олиш бўйича комплекс тавсиялар тақдим этилди.
Маълум қилинишича, корхона томонидан 2025 йилнинг ўтган даврида қарийб 10 минг АҚШ доллари қийматидаги, умумий вазни 5 тоннага яқин пластмасса маҳсулотлари МДҲ давлатларига экспорт қилинган. Ушбу кўрсаткичлар корхонанинг ташқи иқтисодий фаолияти барқарор ривожланаётганини, экспорт географияси босқичма-босқич кенгаяётганини ва ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланилаётганини яққол намоён этади.

Шу каби амалий мулоқот “SOFT DENIM TEXTILES” МЧЖда ҳам ташкил этилди. Учрашув давомида корхона раҳбарияти ва мутахассислари “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимига қизиқиш билдириб, уни ишлаб чиқариш амалиётига жорий этиш орқали хомашё импорти ва тайёр маҳсулот экспорти ўртасида самарали иқтисодий занжир яратишни режалаштираётганини маълум қилди.
Корхона маълумотларига кўра, 2025 йилнинг ўтган қисмида қарийб 5 минг АҚШ доллари қийматидаги, умумий вазни 1 тоннага яқин тайёр кийим-кечак маҳсулотлари Россия бозорига экспорт қилинган. Жорий йилда эса қайта ишлаш механизмларидан самарали фойдаланиш, логистика тизимини такомиллаштириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳсулот турларини диверсификация қилиш ва ташқи бозорлар географиясини янада кенгайтириш стратегик мақсад сифатида белгиланган.
Жойларда ташкил этилаётган бундай тизимли учрашувлар ва амалий мулоқотлар нафақат божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, балки ишлаб чиқариш қувватларидан унумли фойдаланиш, маҳсулот таннархини пасайтириш, инвестицион жозибадорликни ошириш ҳамда маҳаллий маҳсулотларнинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири