ЭКСПОРТ. Ўзбекистоннинг 53 хилдан зиёд мева-сабзавоти 60 дан ортиқ давлатга етказиб берилмоқда
АҚШ, Канада, Сингапур, Кипр, Туркия, Германия, Франция, Испания, Хорватия, Япония каби кўпгина давлатларни мисол келтириш мумкин.
Соҳа вакиллари бу борада ҳеч қандай тўсиқ йўқлигини айтишмоқда. Ҳозирда банк кафолатисиз, суғуртасиз маҳсулотни экспорт қилиш мумкин. Лекин унинг пули 120 кун оралиғида экспорт қилган ташкилот ҳисоб-рақамига келиб тушиши керак экан. Шунингдек, авваллари тариқ, картошка кабиларни четга чиқариш мумкин бўлмаган бўлса, эндиликда рухсат берилди.
Бу эса экспорт ҳажмини оширишда қўл келмоқда. Жорий йилда мамлакатимизда 1 млрд. доллардан зиёд миқдорда мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш мўлжалланмоқда. Айни вақтда қарийб 700 млн. доллар миқдорида мева-сабзавот маҳсулотлари хорижга етказиб берилди.
Маълумотларга кўра, ошқовоқ, қулупнай, қалампир, пиёз, кўк пиёз, картошка, лавлаги, шолғом, шафтоли, лимон, анор, узум, бодом, писта, майиз кабилар ўтган йилга нисбатан кўп экспорт қилинибди.
Маҳсулот кўп экспорт қилинган бўлса, унинг географиясида қандай ўзгаришлар бор? Маҳсулотимиз янги бозорларни забт эта олаяптими?
Янада самарадорликни таъминлаш учун нималар тўсиқ бўлмоқда? Бу каби саволларга Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили Ҳусан Ғиёсов шундай изоҳ берди:
– Ҳозирда 55 туман мева-сабзавот етиштириш билан шуғулланмоқда, – дейди Ҳ. Ғиёсов. – Қамаши, Ховос, Нурота, Хива, Олтиариқ, Мирзаобод, Чортоқ каби туманлар шулар сирасидандир. Мисол учун, ўтган йили 50 та давлатга 30 дан ортиқ мева-сабзавот маҳсулоти экспорт қилинган. Ҳозирда эса 53 хилдан зиёд мева-сабзавот 60 дан ортиқ давлатга етказиб берилди. АҚШ, Канада, Сингапур, Кипр, Туркия, Германия, Франция, Испания, Хорватия, Япония каби кўпгина давлатларни мисол келтириш мумкин.
Келгусида ижобий ютуқларни янада кенгайтириш, замонавий хизматларни ташкил этиш мақсадида Жиззах вилоятининг Ғаллаорол, Зомин, Самарқанд вилоятининг Булунғур, Ургут, Фарғона вилоятининг Олтиариқ ва Қува туманларида қишлоқ хўжалиги кооперациялари ташкил этилмоқда. Келгусида бундай кооперациялар ҳар бир туманда жорий этилади.