Экспортбоп маҳсулотлар ҳажми оширилади
Мамлакатимиз пилла етиштириш ҳажми бўйича жаҳонда учинчи ўринни эгаллайди.
Мамлакатимиз пилла етиштириш ҳажми бўйича жаҳонда учинчи ўринни эгаллайди. Аҳоли жон бошига ҳисоблаганда эса биринчи ўринда туради.
Кейинги йилларда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли 2018 йилда пилла етиштириш жараёни йилига 3 марта йўлга қўйилган бўлса, 2019 йилда бу йилига 4 маротабани ташкил этди.
Бу ишлар кўламини янада кенгайтиришда Президентимизнинг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ташкил этилгани муҳим роль ўйнамоқда.
Мазкур уюшмада 2019 йилда янги тутзорлар, қуртхоналар ташкил этилиши, соҳа равнақида хорижий тажрибани ўрганиш ва кадрлар салоҳиятни оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида “Ўзбекипаксаноат” уюшмасининг 2019 йил якунлари ва 2020 йилда амалга ошириладиган истиқболли режалар ҳақида сўз юритилди.
Уюшма раиси ўринбосари Олимжон Жумаевнинг маълум қилишича, 2019 йилда 2 минг 248 минг гектар ер майдонида янги тутзорлар ташкил этилиб, тутзорлар 48,5 минг гектарга, якка қатор тутлар сони эса 79,7 миллион тупга етказилган. Тут плантациялари қошида эса 652 донадан ортиқ қуртхоналар қурилган. Бир йилда 4 марта пилла етиштириш жорий қилиниши натижасида ўтган йили 19,6 минг тонна пилла етиштирилди. Бу эса 2018 йилга нисбатан 1,6 минг тоннага ёки 108 фоизга кўп демакдир.
– Давлатимиз раҳбари томонидан пиллачилик соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор бизга куч-ғайрат бағишлаяпти, – деди О.Жумаев. – Негаки, шу вақтга қадар соҳага аҳамият берилмаётган эди. Уюшманинг ташкил этилиши сабаб қанчадан-қанча амалий натижаларга эришяпмиз. Дейлик, қайта ишлаш корхоналарини пилла хомашёси билан мутаносиб равишда таъминлаш натижасида уларнинг мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси 2018 йилда 84 фоизга, 2019 йилда озуқа базасини мустаҳкамлаш ва пилла етиштириш ҳажмини ошириш эвазига жорий йилда бу кўрсаткич 95-96 фоизга чиқарилди. Шу билан бирга, инвестицияни жалб қилиш, янги иш ўринларини яратиш ва экспорт салоҳиятини оширишга эришилди. Мисол учун, 2019 йилда 65,2 миллион долларлик ипак маҳсулотлари экспорт қилиш прогнози ортиғи билан уддаланди, яъни йил якунига қадар бу кўрсаткич 70 миллион долларга етказилди.
Уюшма 2020 йилда пилла қурти озуқаси сифатини яхшилаш, тутзорлар майдонини кенгайтириш, инвестицион лойиҳалар ижросини таъминлаш ва пилла хомашёсидан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини ошириш ниятида. Бу жараёнда хорижий технологияларни амалиётга татбиқ этиш мазкур ташкилотнинг асосий вазифаларидан. Ўтган йилда уюшма томонидан Европанинг “Picanol”, “Vandewiele” ҳамда Корея компанияларида ишлаб чиқарилган ипак мато тўқиш, тикув дастгоҳларини ҳамда Япониянинг “Mimaki” компаниясининг ипак матога ранг бериш ва гул босиш принтерларини ўрнатиш каби келишувларга эришилгани ҳам шу мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Бугунги кунда 12 нафар хорижий мутахассиснинг мамлакатимизга келиб, юртимиз соҳа вакилларини айнан шундай дастгоҳларни бошқариш бўйича ўргатаётгани, 45 нафар ходимнинг чет давлатларда малакасини ошираётгани ҳам жорий йилги режалар амалиётида алоҳида ўрин эгаллайди. Пиллани чуқур қайта ишлаш натижасида тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни 2019 йилга нисбатан 191 фоизга, экспорт салоҳиятини 73,8 миллион долларга етказиш ҳам бу йилги улкан режалардир.
– Мен уюшмада меҳнат қилаётганимга ҳали кўп вақт бўлмади, – деди "Ўзбекипаксаноат" уюшмаси бошқарув раисининг хорижлик маслаҳатчиси Андреас Ҳансен. – Ҳозир тизим билан танишув жараёнидаман. Биламанки, сифат бўйича муаммолар бор. Мақсад айни шу муаммоларни бартараф этиб, ўзбек ипак маҳсулотларини Европа бозорига олиб чиқишдир. Уюшма фаолиятни халқаро талабларга олиб чиқиш ва кўплаб хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни ўрнатиш борасида ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.