Экспорт ҳажми ошиб, импорт камаймоқда
Бухоро вилоятидаги экспортёр корхоналар Канада, Исроил ва Португалия давлатларидаги бозорларни ҳам забт этди. Жорий йилнинг биринчи ярмида Бухоро вилояти бўйича жами ҳудудий экспорт ҳажми 120 миллион долларни ташкил этиб, белгиланган 104,5 миллион долларлик прогноз ижроси 114,9 фоизга бажарилди.
Жумладан, саноат маҳсулотлари экспорти режаси 88,5 миллион доллар, амалда 102,2 миллион долларга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти прогнози 16 миллион доллар, амалда 17,8 миллион долларга уддаланди. Экспорт фаолиятига 25 дан ортиқ янги корхона жалб этилди. 3 та янги Канада, Исроил ва Португалия давлатларининг бозорлари ўзлаштирилди. Шунингдек, 2022 йил якунига қадар вилоятда 271 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилиниши таъминланади.
[gallery-8161]
Президентимизнинг 2021 йил 17 ноябрдаги “Ғиждувон” эркин иқтисодий зонаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Пешку ва Қоровулбозор туманлари ҳудудларидан 200 гектар ер майдони ажратилди. Бугунги кунда “Ғиждувон” ЭИЗ дирекцияси томонидан ушбу ҳудудларда умумий қиймати 39,1 миллион долларга тенг бўлган лойиҳаларни жойлаштириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ушбу лойиҳалар эвазига 800 та янги иш ўрни яратилади.
Маҳаллийлаштириш дастурига асосан 2022 йилда Бухоро вилоятида жами 137 та лойиҳа доирасида 547,6 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш белгиланган. Жорий йилнинг январь-июнь ойларида 118 та лойиҳа доирасида 541,1 миллиард сўмлик 250 турдан ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Жумладан, тўқимачилик ва текстиль саноати йўналишида 25 та лойиҳа доирасида 235,7 миллиард сўмлик, кимё ва нефть кимё саноати йўналишида 23 та лойиҳа 106,8 миллиард сўмлик, машинасозлик ва металлни қайта ишлаш саноати йўналишида 16 та лойиҳа 86,4 миллиард сўмлик, қурилиш материаллари саноати йўналишида 33 та лойиҳа 60,7 миллиард сўмлик, озиқ-овқат саноати йўналишида 4 та лойиҳа 38,8 миллиард сўмлик, фармацевтика саноати йўналишида 5 та лойиҳа 5,0 миллиард сўмлик ва бошқа саноат йўналишларида 12 та лойиҳа 7,7 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА