Исроил Эрондаги ядровий обектларга зарба бериб, бир неча муҳим шахсни жисман йўқ қилди.
Ушбу ҳужум ортида нима бор ва вазият қанчалик хавфли? Террор мавзуси бўйича эксперт Питер Нейман BILD саҳифасида шу икки саволга эътибор қаратаркан, дастлаб айни амалиёт Эрон ядро дастурини тўхтатиш ва Инқилоб гвардияси раҳбарияти мавқеини заифлаштиришдан иборатлигини таъкидлаган.
Нашр аввалроқ хабар берганидек, Исроил разведка хизмати “Муссад” кўп йиллардан буён бевосита Эрон ҳудудида ҳарбий базалар ўрнатиб келаётгани ҳақида далиллар мавжуд.
- Муссад Ислом мамлакати ичида ўз ҳарбий инфратузилмасини яратишга муваффақ бўлган, - деб ҳисоблайди Нейман.
Унинг фикрича, бу жараён психологик аҳамиятга ҳам эга. Яъни Исроил душманлари энди ҳеч қаерда, ҳатто ўз уйида ҳам хавфсиз эмаслигини намойиш этмоқда.
АҚШ бунда муайян хавф кўрмоқда. Бундай ҳужумлар Эронни ядро бомбаси яратишни тезлаштиришга ундаши мумкин. “Ўйлашимча, Президент Дональд Трамп Эронни ядровий дастур бўйича музокара даврасига қайтишга ундайди”, - дейди эксперт.
Қолаверса, Нейман ҳозирги вазиятни бутун минтақа учун бурилиш нуқтаси сифатида баҳолаган. Яъни, вазият ўта кескинлашиши ёки томонлар мулоқот йўлига ўтиши мумкинлигини тахмин қилган.
С.Поёнов, ЎзА