Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази эксперти Шохруҳ Бобожонов Ўзбекистондаги давлат бюджети камомадининг ўсиши ва жорий операциялар ҳисоби ўртасидаги боғлиқликни таҳлил қилди.
Экспертнинг фикрича, ҳозирда мамлакатимизда долзарб бўлиб келаётган муаммолардан бири бу давлат бюджети камомадининг ўсиши ва валюталар тушумининг қисақараётганидир. Мамлакатимизда олиб борилаётган сўнгги ислоҳотлар туфайли давлат харажатлари ошиб бормоқда. Шунингдек, жорий операциялар ҳисобиниг бир қисми бўлган ташқи савдо баланси 2016 йилдан бери салбий томонга ўзгарган.
Жаҳон тажрибаси бюджет танқислиги ва жорий операциялар ҳисобидаги тақчиллик ўртасида муайян боғлиқлик борлигини таъкидлайди ва бу тенденция “Эгизак дефицит” деб юритилади. Ушбу боғлиқлик мамлакат ички ва ташқи иқтисодий ҳолатини таҳлил қилиш ва унга оид пул-кредит, валюта сиёсати каби макроиқтисодий сиёсатни амалга ошириш учун муҳим статистик асос вазифасини ўтайди.
Шуни таъкидлаш жоизки, жорий операциялар ҳисоби, ташқи қарз орқали молиялаштириш, бюджет дефицити ва ички инвестиция омиллари ўртасида узвий боғлиқлик бор. Халқаро валюта жамғармасининг таснифига биноан, жорий операциялар ҳисоби ва капитал билан боғлиқ бўлган молиявий операциялар ҳисоби биргаликда тўлов балансини ташкил қилади. Шунинг учун жорий операциялар ҳисобидаги камомад ёки профицит капитал билан боғлиқ операциялар (ташқи қарз) ҳисобида акс этади.
Жорий операциялар ҳисобини, товарлар ва хизматлар экспорти ҳамда импорти, хорижда ишловчи ҳамда давлатда чет эллик ишчиларнинг даромадлари ва харажатлари, халқаро пул ўтказмалари ташкил қилади.
Бундан ташқари, мамлакатлар ўртасидаги активлар ва мажбуриятлар ҳамда хусусий секторлар активлари ва мажбуриятлари бўйича операциялар алмашинуви капитал билан боғлиқ операциялар ҳисобида жамланади. Макроиқтисодий айниятдан келиб чиққан ҳолда, жорий операциялар ҳисоби бу миллий хусусий сектор жамғариш ва мамлакатдаги инвестиция ўртасидаги фарқ ҳамда бюджет балансининг йиғиндисига тенгдир.
Бундан кўриниб турибдики, бюджет дефицити ва мамлакатдаги инвестиция жараёнларининг миллий жамғаришдан устун келиши ташқи қарз олиш ҳисобига молиялаштирилади. Бу ўз навбатида жорий операциялар балансидаги камомадга олиб келади, яъни мамлакатнинг экспортдан олган даромадлари импортга қилган харажатларидан кам бўлади. Шу ерда, савол туғилади яъни, ҳақиқатда қайси омил жорий операциялар камомадига олиб келмоқда - давлатдаги инвестициянинг ички молиялаштириш салоҳиятидан камлигими, ёки бюджет дефицити. Шундай қилиб, ушбу тадқиқот иши Ўзбекистондаги бюджет дефицити ва жорий операциялар ҳисоби ўртасидаги боғлиқликни аниқлашга бағишланади.
Ўзбекистонда сўнгги тўрт йилда, солиқ-бюджет сиёсатида жуда катта ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. ЯИМни оширишда 2018 йилдан бошлаб, истеъмол талабини ошириш учун солиқ имтиёзларининг яратилиши, ташқи инвесторларни жалб қилишда валюта курсини либералаштириш, инфраструктурани ривожлантиришдаги ислоҳотлар муҳим рол ўйнамоқда.
Шунингдек, иқтисодиётнинг ҳукуматга юқори даражада боғланганлиги ва янги солиқ сиёсати туфайли ортиб бораётган харажатларнинг бюджет тақчиллигида ўз ҳиссаси бор. Ушбу бюджет тақчиллиги юқори инфляция даражаси ҳамда юқори ташқи қарз инқирози каби жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.
Инвестицияларнинг кескин ўсиши ва олдинлари соя остидаги импорт хажмини легаллашуви натижасида жорий операциялар ҳисобининг 2013 йилдаги 1,3 фоиз профицитдан 2018 йилга келиб 16,3 фоиз дефицитигача ўсишига сабаб бўлди. Импорт божларининг 2018 йил июнь ойларидаги сезиларли пасайиши импорт миқдорининг ўсишига ҳам таъсир кўрсатди. Товарлар ва хизматлар экспорти 14 фоизга ўсди (мол гўшти, табиий газ ва тўқимачилик маҳсулотлари экспорти етакчи), импорт эса 42 фоизга ўсишни кўрсатди. Халқаро пул оқими 2018 йилда барқарор 5,7 миллиард AҚШ долларини ташкил этган эди (Жаҳон банки, 2019 йил), 2019 йилда эса COVID-19 пандемиясига қарамасдан бу кўрсаткич 6 миллиард долларни ташкил этди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА