Экранда “Хонўғлон” янги бадиий фильми
Тақдимот
Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида ёш иқтидорли режиссёр Ҳилола Абдуқодирова томонидан суратга олинган “Хонўғлон” бадиий фильми премьераси бўлиб ўтди.

Ҳилола Абдуқодирова фильмни суратга олишга киришганида Ўзбекистон адабиёт ва санъати институти Фарғона филиали иккинчи босқич талабаси эди. Фильмнинг сўнгги лавҳаларини у олий ўқув юртини тугатган пайтда тасвирга туширди. Аҳамиятлиси, бу орада фильмда бош қаҳрамонлар, эр-хотин ролини ижро этган ёш санъаткорлар ўртасида севги-муҳаббат ришталари боғланиб, никоҳ тўйлари бўлиб ўтди, фарзандли ҳам бўлишди.
– Ҳилолахондан миннатдорман, тақдир экан, унинг асарида рол ижро этиш асносида умр йўлдошимни топдим, – дейди Диёрбек Саттиев. – Кинода биринчи марта рол ўйнашим, бунинг устига бирданига бош рол ижроси елкамга оғир юк ташлади. Шу-шу устозлар, тажрибали санъаткорларнинг беминнат кўмаклари боис қаҳрамон дунёсига бутун борлиғим билан шўнғиб кетдим.
–Мен Сирдарё вилояти хокими Акмалжон Маҳмудалиевни устоз сифатида қадрлайман, – дейди Ҳилола Абдуқодирова. – Беш йил муқаддам Фарғона вилояти Учкўприк тумани ҳокими вазифасида ишлаган пайти Акмалжон ака менинг кино олиш бўйича таклифимни қўллаб-қувватлаган, кино олиш билан боғлиқ шарт-шароитларга эга бўлишимда беғараз ёрдам берганди. Масалан, кўпкари саҳнаси учун миллий гвардия отларидан фойдаланишимизда бевосита Акмалжон ака бош-қош бўлган.

–Бир ҳолатни айтмасам бўлмайди, – дея яна суҳбатимизга қўшилди Диёрбек Саттиев. – Кўпкари саҳнасини суратга олиш пайти шу ерда эканлиги айтилган ва бизга мададкор бўлаётган ҳокимни одамлар орасидан қидирдим. Қарасам, полвонларга ўхшаб кийиниб олган Акмалжон ака чавандозлар даврасида от миниб юрган экан...
Кино олишнинг ўзига яраша паст-баландликлари, ўзига яраша харажатлари бисёр. Ёш режиссёр кинони охирига етказаман, деб кўплаб синовларни бошидан кечирди. “Хонўғлон”дек асар яратишдан қандай мақсад кўзланган?! Бош қаҳрамон Азизхўжа, улоқчи полвон. Унинг “Хонўғлон” номли зотдор тўпори бор. Инсон ва отнинг қадрдон дўстларга айланишгани фильмда яққол намоён бўлади. Азизхўжа ва “Хонўғлон” кўпкариларда кетма-кет зафар қучиши дўстларни суюнтирса, рақибларни куйдиради. Ана шундай аламзада танишлардан бири, азбаройи иши юришмагани важидан душманга айланган ҳамқишлоқ полвон “Хонўғлон”нинг бир пулдор кимса томонидан ўғирлаб кетилишини уюштиради...
Тақдимот муваффақиятли ўтди. Бинобарин буни томошабинларнинг гулдурос олқишлари, намойишдан сўнг фильм ижодкорларининг узоқ муддат санъат шайдолари қуршовида қолиб кетишганидан билса бўлади.

–Яқинда Президентимиз раислигида ўтказилган республика Маънавият ва маърифат кенгаши йиғилишидан келиб чиққан вазифалар асосида Боёвут, Гулистон, Оқолтин ва Сардоба туманлари маданият бўлимларига “Дамас” автомобиллари топширдик, – дейди вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев. – Ҳар ойнинг бир куни “Театр куни” бўлишини йўлга қўйиш борасидаги Президент ташаббусларини қўллаб-қувватлаган ҳолда бугунги кино тақдимотини ўша “Театр кунлари"дан бирига айлантирганимиздан мамнунман.
Томошабинлар орасида театрга оилавий ташриф буюрган кўплаб масъулларга, бошқарма ва ташкилотлар бошлиқларига кўзимиз тушди. Бу ҳолат Сирдарё воҳасида кино баҳона янги хайрли анъана бошланганлигидан дарак бермоқда.
Шуҳрат Суяров,
ЎзА мухбири