Ҳашар – элга ярашар
Юртимизнинг гўзал табиати, мусаффо ҳавоси, зилолдек тиниқ ва шифобахш сувлари ҳар қандай кишини ўзига мафтун этади. Мана шундай бетакрор гўзалликни асраб-авайлаш, келажак авлодга етказиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Хусусан, Тошкент вилояти ёшлари иштирокида табиатни асраш, атроф муҳитга турли чиқиндилар ташлашнинг олдини олиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, экологик муаммоларни олдини олишга қаратилган турли лойиҳалар мунтазам равишда амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда 24-25 август кунлари умумхалқ ҳашари деб эълон қилингани муносабати билан Бўстонлиқ тумани “Чимён” МФЙ, “Сурпа” ҳудудида Мустақиллигимизнинг 33 йиллик шодиёналарини муносиб нишонлашга тайёргарлик кўриш мақсадида “Маҳалла обод – юрт обод” шиори остида “Экотуризм” акцияси ўтказилди.
Мазкур саъй-ҳаракатлар Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Унда Таълим ва фан ходимлари, Соғлиқни сақлаш ходимлари, давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари ва Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Бўстонлиқ тумани Кенгашлари тасарруфидаги ташкилотларда фаолият юритаётган ёш касаба уюшма аъзолари фаол иштирок этди.
Тадбир аввалида Бўстонлиқ тумани Экология инспекцияси раҳбари У.Мансуров иштирокчиларга мамлакатимизда яшил табиатни асраш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди.
“Экотуризм” акцияси иштирокчилари ҳам ободонлаштириш ишларига, табиатни асрашга ҳисса қўшиш учун ҳудудларда ҳашар ишларини олиб борди. Ободонлаштирилган ҳудуднинг табиат манзараларидан баҳра олиш, сўлим гўшаларда суҳбат қуриш, мароқли дам олиш янада завқлироқ бўлишини англаган ёшлар эндиликда бу каби ишларда мунтазам қатнашиш истагини билдирди.
А. Мусаев, ЎзА.