Экошаҳарда янги уйлар эгасини кутмоқда (+видео)
Президент ташрифидан сўнг
Давлатимиз раҳбари яқинда Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Фарғона шаҳри ҳудудидаги экошаҳарда “Янги Ўзбекистон” массивининг қурилиш ишлари бориши билан танишиб, зарур тавсияларни берган эди. Айни кунларда бу ерда иш қизғин.

Бугунги кунда 300 гектарли улкан майдонда жадал қурилиш кетмоқда. Бу ерда 65 мингдан зиёд аҳолига мўлжалланган 298 та кўп қаватли уй бунёд этилади. Аҳоли зич яшайдиган шаҳар ва вилоят учун бу муҳим ижтимоий аҳамиятга эга. Бу йил массивда 73 та уй барпо этилмоқда.
Янги массивда 10 та боғча, 6 та умумтаълим мактаби, поликлиника, масжид ҳамда соғломлаштириш мажмуаси барпо этилади. 15 та маъмурий идора қад ростлайди. Ҳозирги кунда бу ерда бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Айни кунларда мазкур ҳудудда ички йўлларни қуриш, ёритиш мосламаларини ўрнатиш, кўп қаватли уйлар қурилишида сўнгги пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Фарғона шаҳри ҳокими Восилжон Назаров масъуллар билан амалга оширилиши лозим бўлган ишларни тизимли равишда ўрганиб бормоқда. Йўлларнинг сифатли ва жаҳон стандартларига мос тарзда бунёд этилиши бўйича мутахассислар билан фикр алмашилмоқда.

Экошаҳар – экологик мусаффолик, табиат қўйнидаги шаҳарда қурилаётган ҳар бир объект ўзига хос ечимга асосланган. Асосийси, биноларнинг зилзилабардошлигига аҳамият қаратилмоқда.
– Вилоятимиз ҳудуди 7-8 баллик сейсмик зонада жойлашган. Шунинг учун биноларнинг 8-9 балл зилзилага чидамлилигига алоҳида эътибор қаратяпмиз, – дейди вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси етакчи мутахассиси Умиджон Узоқов. – Бундан ташқари, қурилиш материалларининг пишиқ-пухталиги, давлат стандартларига мослиги доимий назоратимизда. Бунинг учун ҳудуднинг ўзида махсус лаборатория жойлашган. Мисол учун, келтирилган ғишт, цемент ёки арматурадан намуна олиниб, лабораторияда текширилади ва хулоса берилади. Жараён давомида сифатсиз материаллар бўйича 20 дан ортиқ маъмурий ҳужжатлар тайёрланиб, масъул ташкилотларга тақдим қилинди.
Бундай ёндашувдан қурилиш ташкилотлари мутасаддилари ҳам мамнун. Зеро, улар ўзлари бунёд этаётган иншоотларнинг мустаҳкамлиги, узоқ йиллар давомида одамларга хизмат қилиши тарафдори.
Ҳудуддаги таълим муассасаларида ҳам сўнгги жиҳозлаш ва пардозлаш жараёнлари кетмоқда. Аҳолининг мароқли дам олиши учун бунёд этилаётган "Янги Ўзбекистон боғи"да ҳам кенг кўламли ишлар бажарилмоқда. Ёшлар учун замонавий аттракционларни ўрнатиш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/X12BLnFgh-4" title="Экошаҳарда янги уйлар эгасини кутмоқда" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>М.Сулаймонов,
ЎзА мухбири.