Экошаҳар ҳудудида 30 қаватли бино қурилади
Фарғона шаҳрида ноёб лойиҳа асосида барпо этилаётган 300 гектарли экошаҳарда қурилиш ишлари қизғин давом этмоқда. Бу ерда 65 мингдан зиёд аҳолига мўлжалланган 298 та кўп қаватли уй бунёд этилади. Жорий йил “Янги Ўзбекистон” массивида 73 та уй қурилди.
Шунингдек, ҳудудда мактаблар, мактабгача таълим ва тиббиёт муассасалари, савдо ва маиший хизмат шохобчалари, спорт мажмуаси бўлади. 50 гектарда ташкил этиладиган кичик саноат зонаси аҳолини иш билан таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Массив ўзига хос экошаҳар бўлади – 70 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон боғи” ва сунъий кўл барпо қилинади. Бўш майдонларга ҳам дарахтлар экилади. Сунъий кўл атрофида сўлим хиёбон ташкил этилади.

Экошаҳар ҳудудида “Eco Tower” тураржой ва савдо мажмуаси қурилиши бошланишига старт берилди. Унда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди.

30 қаватли жами 240 хонадондан иборат тураржой биноси, 11 қаватли меҳмонхона ҳамда 5 қаватли савдо марказини ўз ичига олган, лойиҳа қиймати 25 миллион доллар бўлган "Eco Tower" мажмуасида ерости автотураргоҳи, болалар майдончаси, дам олиш майдончаси, яшил зоналар, фаввора жой олади.

“Azia Credo Max” масъулияти чекланган томонидан амалга оширишга киришилаётган лойиҳа 2026 йилда тўла якунланади.
М.Сулаймонов,
ЎзА мухбири