“Ekomarafon – 2021” экологларни бирлаштирди
Навоий вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш ҳамда 22 май – Халқаро Биологик хилма-хиллик куни муносабати билан “Ekomarafon – 2021” тадбири доирасида югуриш мусобақаси ўтказилди.
Мусобақада бошқарманинг 145 нафар ходими иштирок этди. Навоий шаҳар “Ёшлик кўли”да ўтказилган тадбирда аёл ходимлар 2000 метрга эркак ходимлар эса 3000 метр масофага югурди.

– 1992 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги Конвенция қабул қилиниб, унда биохилма-хилликни муҳофаза қилиш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини ривожлантириш, уларни бошқариш ва бутлигини сақлаш, уларнинг самарали фаолият юритишини таъминлаш каби кўплаб муҳим вазифалар белгилаб берилган ва дунёнинг аксарият мамлакатлари томонидан ратификация қилинган, – дейди бошқарма матбуот хизмати раҳбари Зубайда Душанова. –Жумладан, республикамиз ҳам 1995 йилда Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги Конвенцияга қўшилган бўлиб, Ўзбекистон Республикасида Биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш бўйича Миллий стратегия ва Ҳаракатлар режаси тасдиқланган. Конституциямизда ҳам ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ва бошқа табиий захиралар умуммиллий бойлик экани, улардан оқилона фойдаланиш зарурлиги ва улар давлат муҳофазасида эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган.

Тизим ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва соғлом муҳит яратишни мақсад қилган экомарафонда фаол иштирокчиларга эсдалик совғалари топширилди.

Абдували Бўриев, ЎзА