Экологлар назорат рейд тадбирлари ўтказмоқда
Навоий вилояти Экология, атроф муҳит муҳофазаси, иқлим ўзгариши бошқармасининг давлат инспекторлари томонидан мунтазам равишда назорат рейд тадбирлари ўтказилмоқда.
Ўтказилган тунги назорат рейд тадбири давомида фуқаро С.А томонидан Навбаҳор тумани “Янги куч” МФЙнинг чўл ҳудудидан ўз бошқарувида бўлган юк машинасига ноқонуний равишда қум- шағал маҳсулотларини юклаб олиб кетаётгани аниқланди.
Давлат инспекторлари томонидан фуқарога ноқонуний ҳаракатлари тушунтирилганда фуқаро ходимларга бўйсунмасдан воқеа жойидан кетиб қолган.
Ушбу ҳолат юзасидан автомашина қидирувга берилиб, мажбурий тартибда жарима майдончасига қўйилди ва ҳайдовчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 70-моддаси 1-қисми билан 4 миллион 420 минг сўм миқдорида жарима ҳамда 1 миллион 778 минг сўм табиатга етказилган зарар белгиланди.

Шунингдек, назорат рейд тадбирлари давомида Нурота тумани “Мустақиллик” МФЙ ҳудудидан фуқаро А.Ҳ ноқонуний равишда қум-шағал аралашмасини юклаб олиб кетаётган вақтида тўхтатилди.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 3,4 миллион сўм миқдорида жарима белгиланди.
Экологлар томонидан ўтказилаётган назорат рейд тадбирлари давом этмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири