Юртимизда “Экология ва жамоат тартибини сақлаш соҳаларидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида ”ги қонун жорий йилнинг 13 октябридан кучга кирди. Ушбу ҳужжат тоза ҳаво ва қулай муҳит, соғлом экологик вазият ҳамда табиатни муҳофаза қилиш орқали одамлар учун қулай шароит яратиш борасидаги инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Кундалик турмуш тарзимиздан маълумки, экология ва санитария соҳасида ечимини кутаётган бир қатор долзарб масалалар бор. Аммо тегишли органлар, давлат санитария назорати ташкилотларининг мавжуд имкониятлари бу борадаги ишларни тартибга келтиришда етарли кучга эга эмаслиги кундай равшан. Шу жиҳатдан, мавжуд қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, ҳаётимиз учун ўта зарур бўлган атроф-муҳит озодалигини сақлаш, муҳофаза қилиш мақсадида Миллий гвардия ва Ички ишлар органларига экология ва атроф-муҳит тозалигига раҳна соладиган шахсларга нисбатан қонунан чора кўриш, маъмурий жавобгарликка тортиш ваколатлари берилгани ўз самарасини бериши шубҳасиз.
Мазкур қонун кучга кирган кундан эътиборан Миллий гвардия, Ички ишлар органлари ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда рейд тадбирларини ўтказишга киришилди. Профилактик ишлар олиб борилмоқда. Чиқиндиларнинг нотўғри жойга ташланишининг олдини олиш, фуқаролар ва тадбиркорларга санитария-экологик қоидаларни эслатиб туриш ва қонуний жавобгарлик ҳақида огоҳлантирилмоқда.

Бундан ташқари, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси билан ҳамкорликда янги лойиҳа ҳаётга татбиқ этилмоқда.
– Лойиҳанинг мақсади кўчаларда, боғ ва хиёбонларда, шаҳар ва қишлоқ маҳаллаларида озодаликни сақлашдир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ахборот хизмати бошлиғи Давронбек Жуманазаров. – Дарҳақиқат, табиатни асраш, атроф-муҳит озодалигини таъминлаш битта ташкилот ёки маҳалла масъулларининггина вазифаси бўлмай, кенг жамоатчиликнинг эътиборидаги юмушдир.
Таъкидланганидек, мазкур лойиҳа орқали юртдошларимизга кўчаларимиз тозалиги ва ўз саломатлиги ҳақида ғамхўрлик қилиш маданиятини сингдириш ва уларни озодаликка ўргатиш мақсад қилинган.
Хўш, одамларга бу маданият қандай сингдирилади?
– Албатта, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда лойиҳанинг саҳифалари ва аккаунтлардаги постлар, видеолар орқали тушунтириш йўли билан, –дейди Д.Жуманазаров. – Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунбузарликлар учун қонунчилигимизда назарда тутилган жавобгарликни мунтазам эслатиб ўтамиз. Чиқиндини нотўғри жойга ташлаганлик учун жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида тез кунларда телеграм бот ишга тушади. Бу, албатта қизиқарли жараён бўлади. Масалан, кўча тозалиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мавзусида ёзадиган ёки суратга оладиган фуқаролар, журналист ва блогерлар ўртасида турли танловлар ўтказилади. Энг тоза маҳалла ёки энг тоза туманлар рейтинги тузилади. Турли хил тадбирлар, учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.
Шунингдек, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, аҳолининг экологик маданиятини ошириш борасида ўтказилаётган навбатдаги рейдлар давомида фуқаролар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар аниқланди. Республика бўйича 5 кун давомида Миллий гвардия органлари томонидан санитария ва экология соҳасида 1 минг 169 та ҳуқуқбузарлик аниқланган бўлиб, уларнинг 396 таси бўйича чиқиндини нотўғри жойга ташлаганлиги учун баённомалар тузилди.
Эслатиб ўтамиз, маиший ва қурилиш чиқиндиларини, шунингдек, номаълум жойларга суюқ маиший чиқиндиларни тўкиб ташлаганлик учун фуқароларга 3 миллион 300 минг сўмгача, мансабдор шахсларга эса 9 миллион 900 минг сўмгача миқдорда жарима солинади.
Н.Раҳмонова, ЎзА