Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида жойлашган “Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси”да экология ва атроф-муҳитни асраш бўйича муайян ижобий тажриба тўпланган.
Корхона томонидан 2025-2026 йиллар учун ишлаб чиқилган “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари дастури” изчил амалга оширилмоқда.
Жумладан, ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган ёқилғининг сифати хромотографик усул билан назорат қилиб борилади, таҳлиллар натижаларига кўра газнинг сифат таркиби ҳамда олтингугурт диоксид миқдори “Гост 5542-2022” стандарти талабларига мувофиқлиги таъминланмоқда.

Станция фаолияти жараёнида атмосфера ҳавосининг ифлосланишини назорат қилиб туриш мақсадида биринчилардан бўлиб иккита автоматик стационар кузатув қурилмалари – метеопостлар ўрнатилган. Маълумотлар бошқарув мониторларига узатилади, тизим эса жамият бошқарув аппарати орқали республика Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ягона геоахборот маълумотлар базасига интеграция қилинган.

Ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган техник сув тозалаш иншоотида тозаланган ҳолда каналга қайта чиқарилади, сув тиндириш ҳовузлари эса ҳар йили лойқалардан тозаланади.
Станцияда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2021-2025 йилларда 22,8 гектар майдонга 25 мингдан тупдан зиёд мевали ва манзарали кўчатлар экилди ҳамда “Яшил белбоғ” ҳудудлари, 55,5 минг метр узунликда томчилатиб суғориш тизими барпо қилинди. Дарахтлар агротехник талаблар асосида парвариш қилинмоқда.

Бундан ташқари корхонада 4,9 гектар бўш ер майдонида барпо қилинган қуввати 4,5 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси муваффақиятли ишламоқда. Жорий йилнинг ўтган беш ойи давомида ушбу станция орқали 2,3 миллион кВт.соатдан зиёд электр энергияси ишлаб чиқарилди.

– Корхонамизда утилизация талабларига ҳам жиддий эътибор қаратилиб, ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланилган яроқсиз ҳаво фильтрлари утилизация қилинмоқда, қора ва рангли метал парчалари қайта ишлашга юборилмоқда, қаттиқ ва маиший чиқиндилар белгиланган тартибда олиб чиқилмоқда. Қувонарлиси, 5 июнь – Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни муносабати билан пойтахтимизда ўтказилган тантанали тадбирда станциямизда амалга оширилаётган ишлар нуфузли экспертлар томонидан муносиб эътироф этилди, – дейди “Тўрақўрғон ИЭС” корхонаси масъул ходими Равшан Мирсаидов.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.