Экология қўмитаси раиси ишдан олинди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида айни пайтда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Давлатимиз раҳбари экология соҳасида кўплаб муаммолар тўпланиб қолгани, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисида таклиф ва ташаббус етишмаслигини танқид қилди. Шу боис, қўмита раиси ишдан олинганини маълум қилди. Шунингдек, тизимда биринчи раҳбардан ташқари қуйи раҳбарлар фаолиятини ҳам танқидий кўриб чиқиш кераклигини таъкидлади.
– Бу йўналишдаги муаммолардан барчамиз хабардормиз. Одамлар экология соҳасидаги ишлардан норози. Қишлоқларда оддий ҳовлиларда 20-30 йил олдин қушлар, қалдирғочлар кўп бўларди. На қалдирғочлар, на қушлар, на сув қолди. Ерости сувлари ўн метрдан ҳам чиқмаяпти. Ҳозир Ўзбекистондаги экологик муҳит соғлигимизга жуда катта салбий таъсир кўрсатаяпти. Лекин, бунга масъул бўлган Экология қўмитаси, бошқа идоралар ва маҳаллий ҳокимликларнинг ташаббус ва амалий ишлари кўринмаяпти. Қўмита раисини қўйганимга бир йил ҳам бўлмаганди, лекин аравани тортолмади. На таклиф бор, на раҳбар сифатида ташаббуси бор, охири мажбур бўлдим уни ишдан олишга. Бу ҳамма вазирликларга сигнал,– деди Шавкат Мирзиёев.
ЎзА