Экология – бугуннинг долзарб масаласи
Хабарингиз бор, жорий йил 14 октябрь куни Давлатимиз раҳбари “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кузги дарахт экиш мавсумини бошлаб берди.
Президентимиз пойтахт Тошкентнинг Чилонзор туманидаги Оқтепа ва Боғзор маҳаллаларига ташрифи чоғида жамоатчилик билан бирга кўчат экди. Шу куннинг ўзида Оқтепа маҳалласида 200 туп олма ва нок кўчатлари ўтқазилди.

Мамлакат раҳбарининг ташаббуси билан бундай зарур ва хайрли лойиҳага старт берилиши, шубҳасиз, кўпчиликни бирдек қувонтирди.
Бугун Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Оқтепа маҳалласига Ўрмон хўжалиги агентлиги тизимидаги Дархон илмий тажриба станциясида етиштирилган ясен, каталпа, сафора ҳамда тут кўчатларидан жами 200 та ниҳол етказиб берилди.

Маҳалла фаоллари, хусусан, ёшлар, нуронийлар, барча-барча ободонлаштириш ходимлари даъватига, лаббай, дея жавоб бериб, савобли ишга ўз ҳиссаларини қўшишди. Шу орқали Оқтепа маҳалласининг “Яшил макон”и кенгайди.
Кўчат экиш тадбирларини илмий асосда ташкил этиш мақсадида Ўрмон хўжалиги агентлиги, Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти ҳамда Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш илмий-ишлаб чиқариш маркази ходимлари Тошкент шаҳри туманларига бириктирилди.

Айни кунларда Ўрмон хўжалиги агентлиги томонидан Тошкент шаҳридаги 585 та маҳалла фуқаролар йиғинларига 120 минг туп кўчат беғараз етказиб бериш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда.

ЎзА