Экологик туризмга бағишланган кўргазма
Табиатни асраш, экологик маданиятни юксалтириш ва экологик туризмни ривожлантириш бугунги кунда мамлакатимизда устувор йўналишлардан бирига айланди. Айниқса, тарихий ва маданий меросни табиат муҳофазаси билан уйғунлаштиришга қаратилган ташаббуслар аҳолида экологик онгни шакллантириш билан бирга, юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Ана шундай эзгу мақсадларни кўзлаган навбатдаги маърифий тадбир Бухоро шаҳридаги тарихий “Арк” вилоят ўлкашунослик музейида ташкил этилди. Ўзбекистон Экологик партияси Бухоро вилояти Кенгаши ҳамда Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати Ж. Шарипов ташаббуси билан, Бухоро давлат музей-қўриқхонасининг Табиат бўлими ҳамкорлигида экологик туризмга бағишланган кўргазма ўтказилди.
Кўргазманинг энг диққатга сазовор жиҳати шундаки, унда нафақат табиат бойликларини акс эттирувчи ноёб экспонатлар, балки Ўзбекистон Экологик партиясининг рамзий атрибутлари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биохилма-хилликни сақлаш ва экологик маданиятни юксалтиришга қаратилган ахборот-тарғибот материаллари ҳам кенг жой олди.
Ташриф буюрувчилар музей экспозициялари орқали Бухоро воҳасининг ўзига хос табиий дунёси, ҳайвонот ва ўсимликлар олами ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлиш баробарида, табиатни асраш ҳар бир инсоннинг фуқаролик бурчи эканлиги ҳақидаги муҳим ғоялар билан ҳам танишиш имкониятига эга бўлишди.

Кўргазма давомида экологик туризмнинг мамлакат иқтисодиёти ва барқарор ривожланишдаги аҳамияти, тарихий обидалар ҳамда табиий меросни асраб-авайлашнинг долзарблиги ҳақида фикр алмашилди. Бу каби тадбирлар ёшларда табиатга эҳтиёткор муносабатни шакллантириш, аҳоли ўртасида экологик масъулиятни кучайтириш ва “яшил” туризм ғояларини оммалаштиришга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Тадбирда Ўзбекистон Экологик партияси фаоллари, музей ходимлари, экология соҳаси мутахассислари, жамоатчилик вакиллари, шунингдек, Бухорони зиёрат қилиш учун келган маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳлар иштирок этишди. Кўргазмадан ўрин олган экспонатлар ва тарғибот материаллари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотиб, уларнинг экологик билим ва тасаввурларини янада бойитди.

Бухоро каби бой тарих ва бетакрор табиатга эга заминда ўтказилаётган бундай маърифий тадбирлар экологик туризмни янги босқичга олиб чиқиш, табиат ва маданий меросни келажак авлодлар учун асраб қолиш ҳамда жамиятда экологик тафаккурни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Зеро, табиатни асраш — бу фақат экологларнинг эмас, балки ҳар бир инсоннинг виждони ва келажак олдидаги муқаддас масъулиятидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири