Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан атроф табиий-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси қонунларининг мазмун-моҳиятига бағишланган семинар ўтказилди.
Семинарни Спикер ўринбосари Хайрулло Ғаффоров кириш сўзи билан очиб, экологик соҳага оид қонунчилик ҳақида тўхталди:
— Сўнгги уч йилда Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзолари соҳага оид 10га яқин қонун лойиҳаларини тайёрлашда ва қабул қилинишида фаол иштирок этди. “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги, “Экологик аудит тўғрисида”ги, “Органик маҳсулотлар тўғрисида”ги, “Гидрометереология фаолияти тўғрисида”ги, “Ичимлик сув таъминоти ва оқава сув чиқариш тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир. Ҳозирги кунда депутатлар Ўзбекистон Республикасининг Экологик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этмоқда. Унинг қабул қилиниши экологик қонунларни яхлит бир қонунда умумлаштириш имконини беради, соҳада қонунни кўллаш амалиётини ҳамда жараёнини енгиллаштириш ва соддалаштириш имкониятини яратади.

Шунингдек, атроф табиий-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги бир қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича ҳам салмоқли ишлар қилинди. Хусусан, жорий йилда депутатлар ташаббуси асосида дарахт ва буталарга доир ҳуқуқбузарликка нисбатан маъмурий жавобгарликларни қайта кўриб чиқишга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги ҳамда географик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш тартибини такомиллаштириш юзасидан “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилиб, қабул қилинди, — деди Х.Ғаффоров.

Семинарда қайд этилганидек, сўнгги йилларда соҳага оид қабул қилинган қонунлар органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва хом ашё ишлаб чиқариш ҳамда экспорт қилиш, экологик аудиторлик фаолиятни тартибга солиш, аҳолига ичимлик суви етказиб бериш, оқова сув чиқариш хизматлари кўрсатиш тизимидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асосини яратиб берди. Аҳолидан, айниқса, ёшлардан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича қатор таклифлар келиб тушмоқда. Бу эса ёшларнинг қонун ижодкорлиги жараёнига бефарқ эмаслигидан далолат беради.

Тадбир якунида иштирокилар томонидан берилган саволларга депутатлар томонидан атрофлича жавоб берилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА