Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Атроф муҳитнинг ифлосланиш даражасини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида Давлат экология қўмитаси ва вилоятлар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари таҳлилий лабораторияларини замонавий ускуналар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бухоро вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси лабораториясига ҳам 10 турдаги юқори аниқликда ишловчи ускуналар олиб келинди.
– Экология билан боғлиқ муаммолар жиддий хавф солаётган бугунги кунда инсоният унинг ҳар қандай синовларига тайёр туриши ҳаётий заруратга айланмоқда, – дейди Давлат экология қўмитаси бошқарма бошлиғи Ўлмас Собиров.
– Об ҳаво ўзгариши, сувнинг ифлосланиш даражаси, шамол йўналиши ва тезлиги булар ҳақида ўз вақтида хабардор бўлиш бизни кутилмаган офатлардан ҳимоя қилиш баробарида юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш имконини ҳам беради. Экология бошқармалари ҳузуридаги илмий лабораториялар ҳудудларда экотизим билан боғлик таҳлилларни ўтказади.
Лабораторияга олиб келинган янги ускуналар эса ўта юқори аниқликка эга бўлиб саноқли дақиқаларда кўрсатгичларни олиш имконини беради. 20 миллиард сўмга 10 турдаги 159 дона турли хил замонавий ускуналар харид қилинди.
Бу ускуналар олдингиларидан тубдан фарқ қилади. Республикада биринчилардан бўлиб Бухоро вилоятига олиб келинди. Автоматик тарзда таҳлил натижаларини чиқариб беради. Қулайлиги тезкор ва вақт бирлигини ютган ҳолда аниқликни амалга оширади.
Эндиликда мазкур ускуналар ёрдамида Бухоро ҳудудида ҳаво чангланиши, сувда шўрланиш даражаси, ерларнинг табиий ҳолати бир сўз билан айтганда экологик ўзгаришлар билан боғлиқ барча жараёнларни назорат ва таҳлил қилиш мумкин. Ҳозирда мазкур ускуналардан фойдаланиш бошланди.
Зариф Комилов, ЎзА