Экологик назорат тадбирлари ўтказилмоқда
Сирдарё вилоят Экология, атроф муҳит муҳофазаси ва иқлим ўзгариши бошқармаси, Миллий гвардия ҳамда Сирдарё вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонунчиликнинг бузилиши олдини олиш, уни аниқлаш ва чек қўйиш мақсадида назорат-рейд тадбири ўтказилди.
Ўтказилган экологик назорат- рейд тадбирлари давомида маиший ва қурилиш чиқиндиларини белгиланган жойга ташламаслик ҳолатлари бўйича 884 та қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, уларга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирди, 363 миллион 675 минг сўм миқдорида жарима белгиланди.
– Мақсадимиз табиатни экологик чиқиндилардан холи, соф ҳолда келгуси авлодга қолдириш, – дейди Сирдарё вилояти Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод Элмуродов.–-Бу борада соҳа ходимлари маҳаллалар раислари, жамоат кенгаши аъзолари, ҳуқуқ -тартибот идоралари ходимлари билан ҳамкорликда жойларда ва ҳудудларда тарғибот ва ташвиқот тадбирларини ўтказиб, маиший ва саноат чиқиндилари, уларнинг экологияга, табиатга салбий таъсири тўғрисида тушунча ва маслаҳатлар бериб борилмоқда.

Амалдаги қонун талабларини бузиб, экологияга зарар етказаётганларнинг борлиги ачинарли ҳолат. Қачонки, экология ва табиатга нисбатан маданиятимиз шаклланмас экан, бундай ҳолат давом этаверади.
Яқинда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган "Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда экологик назорат соҳасидаги давлат органлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорда ҳам бу масалаларга алоҳида аҳамият қаратилди.
Мазкур қарорда "атмосфера ҳавоси, ер, ер ости бойликлари, сув, ўрмонлар, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишда қонунчиликка риоя этилиши юзасидан давлат экологик назоратини ўрнатиш" юзасидан бир қанча муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири