Экологик муаммолар болалар нигоҳида
Бугунги кунда атроф-муҳитни асраш, табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш нафақат катталар, балки болалар учун ҳам долзарб масалага айланиб бормоқда. Чунки болалар табиатдаги ҳар бир ўзгаришни қалбан ҳис қилади, кўзлари билан кўради ва ўз ичида меҳрни ҳам, хавотирни ҳам туйишади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 майдаги “2030-йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида республика бўйлаб болалар оромгоҳларида экологик тарғибот тадбирларини мунтазам ўтказилиши ҳам бежиз эмас.

Боиси экологик муаммоларга болаларнинг нигоҳидан қараш – бу масалага бегуноҳ, самимий ва қалбдан келиб чиққан қарашни англатади. Улар ўзига хос соддалик билан савол беради: “Нега дарахтлар кесиляпти?”, “Нега ҳаво кир?”, “Нега денгиздаги балиқлар ўлиб қоляпти?”. Бу саволлар ортида катта ҳаётий масалалар ётибди.
Ўзбекистон Экологик партияси Жиззах вилоят Кенгаши томонидан Шароф Рашидов туманидаги "Юлдузча" болалар оромгоҳида “Она табиатни асрайлик” мавзусида ўтказилган экологик тадбирнинг асосий мақсади — жамоатчилик, айниқса, ёш авлод онгида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш каби маънавий қадриятларни шакллантириш, экологик маданиятни ошириш, мавжуд муаммоларга жамоавий ечим топишга бўлган фаолликни кучайтиришдан иборат.

Тадбир давомида оромгоҳ тарбияланувчиларига табиат, унинг бебаҳо неъматлари ва уларни асраб-авайлаш зарурати ҳақида содда ва таъсирчан тарзда тушунчалар берилди. Шунингдек, экологик тарбияни мустаҳкамлаш мақсадида ёшлар ўртасида расм чизиш танлови ҳам ташкил этилди.

Танлов иштирокчилари ўз суратларида табиат манзаралари, экологик муаммолар ва уларни бартараф этиш ғояларини ранг ва шакллар воситасида ифодалашди.
Тадбир якунида фаол иштирокчиларга эсдалик совғалари топширилди.

Нигора Раҳмонова, ЎзА