Самарқандда Ўзбекистон Экологик партияси марказий кенгаши ва тегишли вазирликлар ҳамкорлигида давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг экологик билимларини оширишга бағишланган ўқув семинар ўтказилди.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 15 майдаги қарори билан тасдиқланган “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепцияси" асосида ташкил этилган тадбирда партия етакчилари, эколог олим ва мутахассислар томонидан “Атроф-муҳит муҳофазаси давлат назоратида: амалий ёндашувлар ва жойлардаги муаммолар”, “Аҳолининг экологик билимларини оширишда халқаро тажрибаларни оммалаштириш”, “Экологик ҳуқуқбузарлик ва уларнинг қонуний асослари” мавзуларида маърузалар қилинди.

– 2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясининг асосий мақсади ўсиб келаётган ёш авлодда экологик билим, онг ва маданиятни шакллантириш ҳамда ривожлантириш, ушбу йўналишда таълим-тарбия жараёнини самарали ташкил этиш, аҳолининг барча қатламларида экологик маданиятни, шу жумладан, “яшил” истеъмол маданиятини янада юксалтиришдан иборат, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси Самарқанд вилоят кенгаши раиси Хўжақул Муҳаммадиев. – Бинобарин аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, жамиятда ва ҳар бир фуқаронинг ҳаёт фаолиятида экологик таълим-тарбия ҳамда маданиятни узлуксиз юксалтириб бориш барқарор экологик ривожланишнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Аммо аҳоли ўртасида экологик маданиятни юксалтириш ишлари тизимли ва узвий ташкил этилмаган. Жамиятда, оилада, маҳаллада, таълим муассасаларида, давлат органларида экологик маданиятни юксалтиришнинг узлуксиз механизмини такомиллаштиришга эҳтиёж мавжуд. Шу боис концепцияда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, партиямиз томонидан жамиятнинг барча қатлами экологик маданиятини ошириш юзасидан ўқув семинарлар, машғулотлар ташкил этилмоқда. Бугун давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг бу борадаги билимларини ошириш учун ушбу ўқув ўтказилмоқда.

Семинарда атроф-муҳит муҳофазасига оид қонунчилик, фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, экологик маданиятни шакллантиришнинг омиллари ҳақида атрофлича тушунча берилди. Юртимизда кейинги йилларда атроф-муҳитни асраш ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш борасида ҳукумат томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар, ушбу йўналишда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ҳақида сўз юритилиб, Самарқанд вилоятида амалга оширилаётган лойиҳаларга эътибор қаратилди.


Хусусан, хорижий сармоядорлар билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳрида чиқиндидан электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхона ташкил этилаётгани қайд этилди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида бу йил вилоят бўйича 16 миллион тупдан ортиқ мевали, манзарали ва бутасимон дарахт кўчатлари экилиши режалаштирилиб, баҳорги мавсумда 11 миллион туп кўчат ўтқазилгани ва айни пайтда кўчатлар парвариши, суғориш тизимлари мавжудлигига эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари