Экологик инқироз: олимлар хавотирда
Яқинда 500 дан ортиқ олимлар “Дартингтон” декларациясини имзолаб, сиёсатчиларни иқлим бўйича “дарҳол ва кескин чоралар кўришга” чақирди.
Уларнинг фикрича, глобал иссиқхона газлари 2030 йилгача 2010 йилдаги даражанинг ярмига қисқартирилмаса, инсоният хавфли “ҳалокат зонаси”га кириб боради.
Мазкур ҳужжат “University of Exeter” ва “WWF UK” томонидан тайёрланган бўлиб, яқинда эълон қилинган “Global Tipping Points Report 2025” ҳисоботидаги огоҳлантиришларга жавоб сифатида тақдим этилган.

Ҳужжатда тезкор равишда фосил ёқилғилардан воз кечиш, иссиқхона газларини кескин камайтиришҳамда ўрмонлар, тупроқ ва бошқа табиий карбон ютувчиларни тиклаш талаб этилади. Ютув нуқталари емирилса, атмосферага улкан миқдорда карбон қайта чиқиши мумкинлиги таъкидланади. Масалан, Амазон, Осиё ва Африканинг баъзи ўрмонларида бу ҳолат аллақачон кузатилмоқда.
Тупроқ 2 800 гигатоннадан ортиқ карбон сақлайди, аммо деградация туфайли ҳар йили АҚШнинг умумий СО₂ чиқаришига тенг миқдор — 4,81 миллиард тонна карбон атмосферага чиқиб кетиши хавфи мавжуд.
Декларация шунингдек, “ижобий бурилиш нуқталарини” ишга тушириш зарурлигини урғулайди. Масалан, қуёш энергияси ва аккумулятор технологияларининг арзонлашуви каби жараёнлар паст карбон иқтисодиётига ўтишни тезлаштириши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА