Экологик ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга нисбатан молиявий санкциялар кучайтирилди
Қулай атроф-муҳитда яшаш ҳуқуқи инсоннинг асосий конституциявий ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда экологик хавфсизликни таъминлаш, табиатни муҳофаза қилиш ва экологик ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар изчил такомиллаштирилмоқда.
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети доценти Зарина Исроилова шу ҳақдаги фикрлари билан ўртоқлашди:
– Инсон манфаатларининг тўлақонли таъминланиши нафақат унинг яшаш ҳуқуқи кафолатланиши, балки соғлом ва хавфсиз атроф-муҳитда ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитларнинг яратилиши билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Шу боис, бугунги кунда экологик барқарорликни таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан биридир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 49-моддасига мувофиқ, ҳар ким қулай атроф-муҳитда яшаш ва унинг ҳолати ҳақида ишончли ахборот олиш ҳуқуқига эга. Давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш, атроф-муҳитга зарарли таъсирларнинг олдини олиш ҳамда шаҳарсозлик соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратади.
Конституциянинг 68-моддасига кўра эса ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойлик ҳисобланади. Улар давлат муҳофазасида бўлиб, улардан оқилона фойдаланиш ҳар бир шахснинг бурчи ҳисобланади.
Мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида бир қатор муҳим қонунлар қабул қилинган. Жумладан, “Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун табиатни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асосларини белгиласа, “Экологик назорат тўғрисида”ги қонун экологик талабларга риоя этилишини таъминлаш механизмларини мустаҳкамлайди.
Фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари билан бир қаторда муайян мажбуриятлари ҳам мавжуд. Хусусан, ҳар бир шахс табиатга зарар етказмаслиги, чиқиндиларни белгиланган тартибда жойлаштириши ҳамда сув, ер ва бошқа табиий ресурслардан оқилона фойдаланиши лозим.
Сўнгги йилларда экологик қонунчиликни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2026 йил 5 майда қабул қилинган “Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун соҳадаги муҳим янгиликлардан бири бўлди.
Мазкур ҳужжат билан экологик ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга нисбатан молиявий санкциялар кучайтирилди. Хусусан, сувларни ифлослантириш, дарахтларни ноқонуний кесиш, атмосфера ҳавосини меъёрдан ортиқ ифлослантириш, чиқиндиларни сақлаш ва утилизация қилиш қоидаларини бузиш каби ҳолатлар учун жарималар жорий этилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартишларга мувофиқ, чиқиндиларни ва ҳавога зарарли моддалар ажратувчи материалларни очиқ алангада ёқиш учун ҳам маъмурий жавобгарлик белгиланди.
Мазкур ўзгартишлардан кўзланган асосий мақсад кимнидир жазолаш эмас, балки аҳоли учун экологик жиҳатдан қулай яшаш муҳитини шакллантириш, табиатга эҳтиёткор муносабатни қарор топтириш ва экологик маданиятни юксалтиришдан иборат.
Зеро, экология инсон саломатлиги, иқтисодий тараққиёт ва келажак авлодлар фаровонлигининг муҳим кафолатидир. Табиатни асраш ва унинг неъматларидан оқилона фойдаланиш эса барчамизнинг бурчимиздир.
Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун 2026 йил 5 августда кучга киради.
Н.Абдураимова, ЎзА