Экоҳуқуқбузарлар қўлга тушмоқда
Сурхондарё вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, вилоят прокуратураси ҳамда вилоят Миллий гвардия бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилаётган рейд тадбирларида табиат кушандалари аниқланиб, тегишли чоралар кўрилмоқда.
Термиз туманида ташкил этилган ана шундай тадбир чоғида Саид Менгтўраев (исм-шариф ўзгартирилди) “Сурхон” дарёсининг Мустақиллик маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида қум хом ашёсини қонунга зид олаётганида қўлга тушиб қолди. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 70-моддаси 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баробари – 3 миллион 400 минг сўм маъмурий жарима қўлланилди.


Ҳамкорликдаги рейд иштирокчилари Қумқўрғон сув омборида ноқонуний усул билан балиқ овлашга уриниш ҳаракатларига ҳам дуч келди. Экоҳуқуқбузарларнинг балиқ овлаш учун қўйган тўрлари ва уч дона қайиқ далилий ашё сифатида олинди. Амалдаги қонунчиликка кўра, тўрт нафар балиқ кушандасининг ҳар бири 3 миллион 400 сўмдан маъмурий жарима тўлайдиган бўлди. Шунингдек, Қумқўрғон туманидаги рейдлар чоғида Тўғон маҳалласи ҳудудида Аҳмад Тўраев ва Фазлиддин Абдураззоқовлар норуда материал яъни, тош-қум қазиб олаётгани маълум бўлди. Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан бирламчи ҳужжатлар расмийлаштирилиб, табиатга етказилган зарар бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.


Экоҳуқуқбузарликларга қарши рейд тадбирлари давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири