Экин ерларимиз – энг катта хазинамиз
Президентимиз 2020 йил 24 январда Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда аҳолининг аксарият қисми етарли даромад манбаига эга эмаслиги сир эмас” дея аълоҳида таъкидлади.
Ислоҳот
Президентимиз 2020 йил 24 январда Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда аҳолининг аксарият қисми етарли даромад манбаига эга эмаслиги сир эмас” дея аълоҳида таъкидлади. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 26 мартдаги “Иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга оид давлат сиёсатини тубдан янгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан бу борада кўплаб вазифалар белгилаб берилди ҳамда камбағалликни қисқартириш бўйича янги йўналишлар шакллантирилди.
Рақамли иқтисодиёт даврида ҳаёт шиддати янада тезлашгандек. Бинобарин, биргина Наманган вилоятида қишлоқ аҳолиси ҳар йили 17 мингдан ортиқ кишига кўпаймоқда. Ҳозирда туманларда яшовчилар сони 2 миллион 200 мингдан ошиб кетди. Бу рақамлар бежиз дастлаб келтирилмаяпти, ваҳоланки, аҳоли сони ошгани сари, унинг фаровонлигида деҳқончилик ерларининг ҳажми муҳим омиллардан бири бўлиб қолади.
“Ер майдони” кўрсаткичини ойдинроқ, мавзуга боғлаш учун “экин майдони” деб мулоҳаза юритсак, янги ер майдони бугун долзарб бўлиб қолди, боиси ёшларни, қишлоқ аҳолисини қисқа вақтда иш билан таъминлаш, туманларни экспорт салоҳиятини ошириш учун эътибор экин майдонларига, уларни ҳажмига қаратилмоқда. Бу ихчам, кам харажатли, истиқболли чорадир. Бу фикрга қўшилмайдиганлар ҳам бўлиши табиий, чунки, деҳқончиликдан кўра, саноатда маош юқори бўлиши иқтисодиётда айтиб ўтилган. Аммо, келинг, шу жойда аҳолини банд этиш бўйича янги стратегиямизни таҳлил этсак. Шунда, ерни имконияти ишлаб чиқаришдан кам эмаслигини исботласак.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, аҳолини тезроқ иш билан таъминлашнинг самарали йўли – деҳқончилик, иссиқхоналар ташкил этиш, агар молиявий имконият кўтарса, дастлаб, паррандачилик билан банд бўлиш ҳам афзал. Яна бир кам сарфланадиган йўналиш – пиллачиликдир. Албатта, у мавсумий, лекин, хоҳловчиларга қўшимча даромад манбаидир.
Иқтисодиётнинг муҳим жиҳатларидан бири – вақт сарфи тоифасидир. Шу нуқтаи назардан қаралганда, ишлаб чиқариш цехини ташкил этиш учун тадбиркорга икки-уч йил вақт зарурдир, энг қисқа вақт – экин майдонини, ихчам иссиқхона ташкил этишга кетади. Майли, саноатчига кўра, янги деҳқон озроқ маош олар, лекин, дарахтлари, ҳайвонлари, паррандалари бўй чўзгандан кейин, уларга етар ишбилармон топилмайди. Бу борада сўнгги йиллардаги яратилаётган имкониятларидан оқилона фойдаланиб ўз манфаатдорлиги баробарида эл-юртга катта наф келтираётган тадбиркорлар сафи кенгайиб бормоқда.

Наманган туманида истиқомат қиладиган тадбиркор Достонбек Солиев олти йил давомида 200-300 дона товуқ боқиб келган бўлса, янги имтиёз ва имкониятлар самараси ўлароқ ҳозирда паррандалар сонини 3000 бошга етказди. Унинг айтишича, оилада бир ўғил, ҳеч ким унинг тадбиркорлигига маблағ қўшмаган, фақат уч омил бўлган – қизиқиш, сабр, интилиш. Энди унинг тадбиркорлик фаолиятини иқтисодий таҳлил этсак. Паррандачиликни ҳалқимиз бежиз етти хазина туркумига киритмаган. Товуқдан икки ҳил маҳсулот – тухум, гўшт ва икки вақтда даромад олса бўлади. Товуқ орада тухум беради, сотилганда яна якуний даромад оласиз. Достонбекнинг айтишича, ундаги бройлер товуқлар ҳам даромадли – гўштга қирқ кун деганда етилади. Корхона ўзининг омихта ем тайёрлайдиган цехига эга. Мисол учун омихта емнинг бир килоси бозорда 5 минг сўм. Цехда тайёрланган маҳсулот 1000 – 1 500 сўмга арзонга тушаяпти. Агар ҳар куни бир товуқдан 500 сўм тежаб қолинса, 3000 та товуқдан 1 миллион 500 минг сўм, 40 кунда эса – 60 миллион сўм бўлади.
Бир товуқни семиртириш учун 40 кунда 30 минг сўм харажат қилинади, 5 минг сўм соф (харажатлар чиқариб ташлангандан сўнг) фойда олинади. 3000 дона бройлердан 40 кун давомида даромад 15 миллион сўмни ташкил қилади. Жамоада 5 киши ишласа, соф даромад 3 миллион сўмдан ҳар бир ишчига тўғри келмоқда, таққослаганда, саноатчидан даромади кам эмас. Хўжаликни рентабеллик даражаси 16.6 фоизни ташкил этиши янги жамоа учун ижобий натижа, у аста ўсиб боради, чунки, Достонбек доимо изланишда. Шу фазилатларни инобатга олиб, Ёшлар иттифоқи тавсияси билан 7 фоизли кредит ажратилди. Бу бир ёш тадбиркорни қисқа даврда эришган ютуқлари ҳақида, вилоятда эса молиявий кўмакда охирги икки йил ичида 100 яқин кичик чорвачилик жамоалари шаклланди.
Усти хазина, ости гавҳар
Деҳқончиликни иқтисодиётдаги аҳамиятини билган ҳар биримиз вилоятдан автомашинада Тошкент томонларга юриб, ўнг томондаги чўллаб ётган минглаб гектар ерларни кўриб, уларни ўзлаштирилишини беихтиёр ўйлардик, орзу қилардик, чунки 11 тумандан кўпларида экин майдонини кенгайтиришнинг иложи йўқ, бу дегани, ер сўраб келган аҳолига бирор гап айтиш ўзи қийин бўлиб қолмоқда.
Янги Ўзбекистонни янги тактикаси, яъни янги иқтисодий чораси –адир ерларни ўзлаштириш, тик қудуқлардан сув чиқариб ишлайман деган тадбикорларга бериш. Президентимизнинг тегишли қарор ва фармонларига кўра, вилоятимизда биргина шу йилнинг ўзида 5 минг 361 гектар ер ўзлаштирилади. Мингбулоқда – 1 минг 191 гектар, Чортоқда – 627, Чустда – 527, Косонсойда – 275, Тўрақўрғонда – 136, Попда – 2 минг 294 гектар. Бу ишлар эртага эмас, баҳордан бошланди, тракторлар илк бор жўяк олди, 14 тик қудуқ қазилди, улардан сув оқди, деҳқон илк бор кафтига ер тубида ётган сувни олди.

Ҳозирга келиб, 1 минг 782 гектар яшнаяпти, энди шу адир, тошлоқ, қумлоқ ерлардан жазираманинг буғи чиқмаяпти, аксинча, барглар адирлар шабодасида яйраяпти. Албатта, ирригация ишлари ҳам бор, жумладан, яна 44 тик қудуқ ковланади. Ҳаммаси бўлиб, 58 тик қудуқ учун 20 миллиард 664 миллион сўм сарфланади. Аввалари, сувсиз, тошлоқ ерларда деҳқончилик, даромад қилишга бировнинг кўзи етмаган, бир сўм ҳам маблағ сарфлашга журъат қилинмаган.
Халқимиз ерни яхши кўради, борини аямайди. Юқоридаги ишларда тадбиркорлар қараб тургани йўқ, маҳаллий бюджет маблағидан 7 миллиард 794 миллион сўм ажратилган бўлса, ҳозиргача бажарилган ишларга тадбиркорлар томонидан 2 миллард сўмликдан зиёд ҳисса қўшилди. Деҳқончилик маҳсулоти олтинга тенг, ишонасизми, қуритилган ўрик, олхўри Германияда дорихоналарда сотилар экан. Мен Ўзбекистоннинг Германия Федератив Республикасидаги элчихонасининг биринчи котиби Мирғиёс Азимов билан суҳбатлашдим. Дипломат айтишича, мева-сабзавотга савдо тармоқларида талаб катта. Лекин, боғлар ҳажми оз бўлганлиги учун ўзбекистонлик фермерлар улар сўраган миқдорда маҳсулот етказиб бериш имкониятига эга эмас.
Қани, бизда имконият қандай? Вилоятдаги боғлар ҳажми билан қизиқиб кўрайлик-чи. Бугунги кунда вилоятда 156 минг 788 гектар экин майдони мавжуд. Шундан атиги, 19 минг 248 гектари (12,2 фоиз) боғ ва резаворлардир. Аммо, боғларни кўпайишига умид пайдо бўлди – бизда ҳам йирик майдонга эга деҳқонлар сафи шаккланмоқда. Поп туманидаги “Нуран уз” МЧЖ ҳақида кўп гапирилди, биз эса унинг афзалликларини таҳлил этсак. Қақшаб ётган адир ерларнинг 1 минг 885 гектарида мева, сабзавотлар етиштирилмоқда.
Бунинг учун 180 метр чуқурликдан тўртта қудуқ сув етказиб бермоқда. 2023 йилдан бошлаб, жамоа, яна 1 минг 455 гектар адирни ўзлаштиради. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, кластер ташкил этилса, самарадор ва экспортёр ташкилот вужудга келади. Ҳисоб-китобларга кўра, 350 иш ўрни бўлади, йилига 10 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади. 100 гектар ерда ўрик, 70 гектарда гилос, 12 гектарда эса, узумзор ташкил этилди. Кўчатлар четдан келтирилган бўлиб, ҳар гектар ердан 70 тоннагача ҳосил олиш кўзда тутилмоқда. Кўчатлар орасига полиз экилди.
Катта майдонга эга хўжаликни афзаллиги юқори. Биринчидан, чет эл инвесторларининг айнан, шундай субъектлар билан шартнома тузишга иштиёқи баланд бўлади. Нега? Оладиган маҳсулот ҳажми кўп, бир жойдан, бир навдан, фитосанитар текшируви ҳам ихчамлашади. Жамоа кластербоп – ўзини катта экин майдонига эга, демак, йил давомида ҳосилни корхона ўзи қайта ишласа, меҳнат ўзини оқлайди. Кластер цехида хорижда ҳаридоргир бўлган компот, мураббо, джем, қуритилган ўрик ишлаб чиқариши мумкин. Туманнинг Чодак массивида эса 300 гектар ер ўзлаштирилиши якунланмоқда, жумладан, тайёр 10 гектар ерда мошнинг экспортбоп нави экилди.

Тасаввур қилинг, биргина шу йилни ўзида Мингбулоқда 195, Косонсойда 275, Попда 400, Чустда 200, Чортоқда 200 гектар, жами ҳозирга қадар 1 минг 270 гектар ер ўзлаштирилди. Демак, ҳосилга-ҳосил, даромадга даромад, ишчилар сафига ишчилар қўшилди. Биргина шу йилни олти ойида қўшимча 1 минг 496 гектар боғ қад ростлади.
Кластерлар
2017 йил Ўзбекистон учун янгиланишнинг илк қадами, бевосита инсон тақдирига йўналтирилган янги иқтисодий ислоҳотлар даври бошланиши бўлди, яъни, бошқа соҳалар каби, иқтисодиёт шаффоф бўлиб борди. Ундаги ислоҳотлар инсон манфаатига юз тутди. Фермер хўжаликлари билан саноат корхоналари негизида кластерлар тузишни ислоҳотнинг ўзаги дейиш мумкин. Ўн тўққизинчи аср иқтисодчи-олимлари шундай фикр билдиришганди – ҳам деҳқончилик, ҳам унинг (деҳқончиликнинг) маҳсулотини қайта ишлаш бир кишини икки қўлида бўлсагина, самара икки томонга тегишли равишда даромад беради.
Бу илмий жиҳатдан тасдиқланган назарияга аҳамият берилмаган эди. Пахтачилик фермер хўжаликлари мустақил юридик мақомга эга бўлиб, фаолият кўрсата бошлади. Аммо, ҳосилдан олинган даромадни талай қисми саноатчида қоларди, увоқлари деҳқонга тегарди. Нега? Хомашё нархи, қайта ишловчи тайёр маҳсулотига кўра, нисбатан паст бўлади. Ҳосилни сотиш ҳам унинг қўлида эмасди. Бундай ваколат йўқлигининг молиявий жиҳатдан салбий таъсири бор эди, маъсулият жиҳатидан эса пахтани, пиллани сифатига ҳеч ким жавоб бермасди, қайғурмасди, чунки олдида мажбурият йўқ эди. Натижада, харидор талабига жавоб бермаганлиги учун толани сотиш мушкул бўлиб қолди.
Кластерлар тузилиши билан етиштирувчи ва сотиб олувчи бирлашди. Молиявий жиҳатдан ҳам, деҳқонни кўнгли тўқ бўлиб, астойдил, пулига хотиржам ишлай бошлади. Ҳозирда вилоятда пахтачилик йўналишида 5 та, пиллачиликда эса 6 та кластер тузилди.

Иқтисодчиларни хулосасига кўра, пахтадан камида 40 центнердан ҳосил олмаса, хўжалик ҳаражатларини қоплай олмайди. Шу ва бошқа мажбуриятларни фермер бажариши учун ишлаб чиқарувчи кўмаги ҳақида вилоят қишлоқ ҳўжалиги бошқармасини бош мутахассиси Одилжон Абдуллаев сўзлаб берди: “Кластерда мақсад ягона. Шунинг учун ҳар икки томон аҳдида қатъий. Саноатчи фермерни кредит ҳисобидан ўғит, техника, ёқилғи, техника билан таъминлайди. Агар зарурат бўлиб қолса, қўшимча таъминот ҳам бўлади. Март ойидан бошлаб, то сентябрга қадар деҳқонларга маош бериб боради. Албатта, ҳамкорликка чегара йўқ. Ҳозиргача фермерлардан эътироз ёки бир муаммо қўйилмади”.
Ишлаб чиқарувчи пахта хомашёси учун хотиржам, чунки ихтиёрида пахта экинзорлари бор. Бу йилги мавсумда бешта кластер ўзига тегишли 62 минг гектардан ортиқ ерда, 1 минг 145 фермер яна 39 минг 333 гектар ерда ҳамкорликда пахта хомашёсини етиштирмоқда. Наманган шаҳридаги “Арт софт холдинг” МЧЖнинг Мингбулоқ туманида 33 минг гектар, Поп туманида 28 минг гектардан зиёд пахтазори бор. Учқўрғондаги “Текстиль финанс Наманган” МЧЖ 9 минг 436 гектар ерни ўз тасарруфига олган.
Ипакчилик соҳасида ҳам кластерлар бошланғич хомашёни етказиб берувчи пиллакорга маблағ учун хавотир олмасликка ишонч ҳиссини туғдирди, бу руҳан тетиклик ҳосилдорликни оширди: 2019 йилда вилоятда 1 минг 508 тонна, бу йил эса 1 минг 800 тоннадан зиёд “кумуш тола” олинди. Бир йилни ўзида барака салкам 300 тонна бўлибди. Бундай ўсиш нимани ҳисобидан? Албатта, пиллакорлардаги саноатчига бўлган ишончдан. Намангандаги “Фабрик текс” МЧЖ норинлик ва учқўрғонлик пиллакорлардан 333 тонна хомашё сотиб олди. Қайта ишловчи ўз ҳисобидан қурт уруғини вақтида етказиб берди, моддий-техника ресурслари билан таъминлади, аванс пулларини ажратди, пиллакорнинг истагига кўра озиқ-овқат маҳсулоти етказиб берди.
Кооперативлар
Шу йилдан ташкил этилаётган кооперативлар истиқболи ҳам нурафшондир. Таҳлил этиб кўрайлик. Биргина Наманган туманида ҳеч қаердан руйхатдан ўтмаган аёллар тонг саҳарда 60-65 (бир томонга) километр йўл босиб, Поп туманидаги Чоркесар қишлоғидан ангор эчкининг жунидан олиб келиб рўмол, пайпоқ ва бошқа қишки кийим тўқишарди. Ҳар ким ўз топгани билан кун кўрарди. Ишлаб-ишлаб қишлоқ аёллари нафақасиз қарилик “гаштини” сурарди.

Хўш кооператив нима беради? “Кооператив” сўзини маъноси ўзи айтиб бериб турибди: мулк, маблағ ҳиссаси билан қўшилиш, бирлашиш ва бошқаришни шакллантириш. Кооператив аъзолари, қабул қилинган Низомга асосан фаолият олиб боради, ишчиларга меҳнат дафтарчалари юритилади, нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлади. Энг зарури, иш ўринлари жамоа томонидан яратилади.
Асосийси, узилишсиз, самарали меҳнат фаолияти бўлса, ўшанда кооператив истиқболига тўла ишонч бўлади. Наманган туманидаги кооперативнинг келажаги нурли, сабаби, уларни маҳсулоти чет элда –Россияда, Европа бозорларида харидоргир. Бу ишни тепақўрғонлик опа-сингилларимиз бошлашган, қоратепаликлар қўшилишиб ангор мўйнали рўмоллар, пайпоқлар, енгсиз жемперлар тўқишмоқда.
Чортоқ тумани “Баланд адир” даштликларида фойдаланилмаган 36 гектар ерда ҳар бири 2 сотихли 1000 иссиқхона қурилиши якунланмоқда, шулардан, 800 таси иш бошлади. Иссиқхоналар фаолиятини кооперативга бирлаштириш янада самара беради, тузишга асос. Умумий қиймати 13 миллиард сўм бўлган лойиҳага Республика бандликка кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан 6,7 миллиард сўм субсидия ва тижорат банкларининг 6,3 миллиард сўм имтиёзли кредити йўналтирилмоқда. Ҳар бири салкам 9 тонна сабзавот етиштирадиган иссиқхоналар 1000 молиявий имконияти чекланган оилага берилди.
Шундай тактикани таҳлил этсак, оилаларни ишга жалб қилиш жараёни тўла давлат ҳисобидан амалга оширилмоқда. Жумладан, кўчат, сув, минерал ўғит билан етакчи тадбиркор, яъни, бўлажак кооператив раҳбари томонидан таъминланади. Бир жойда – бир маҳсулот етиштириш рақобатни яратади, бир-биридан ўрганади. Муҳими, уч марта ҳосил олса бўлади, битта иссиқхонага 700 туп помидор кўчатини сиғдирса бўлади. Ҳар бири, 3-4 кило ҳосил берса, ҳозирги кундаги 1 кило помидорнинг ўртача бозор нархи 3 минг сўм бўлса, 7 миллион сўмдан зиёд даромад бўлади. Бу биринчи ҳосилдан даромад. Вилоят ҳокими Х.Бозоровнинг таъкидлашича, кичик иссиқхоналардан йилига 50 миллион сўм даромад олиш мумкин. Шу йилнинг якунидаёқ бу хулоса ўз исботини топади.
Кооперативларга фаолият турини танлашда бўлажак аъзолар аввало, маҳаллий хомашёга аҳамият беришлари лозим – маҳсулот таннархи арзон бўлади. Шу жиҳатдан, Мингбулоқ туманидаги “Гуртепа кооператив томорқа ҳизмати ” шоличилик билан шуғулланади. Ҳар бир фуқаро 10 сотих ерда гуруч етиштиради. Иш бошлаш учун 2 миллион сўмдан зиёд субсидиядан фойдаланади. Бу кооператив мисолида, фаолият турини нақадар тўғри танланганлигини таъкидламоқчимиз. Гуруч харидоргир, яна, ўзимизда оз етиштирилганлиги учун, бу озиқ-овқат қўшни ва узоқ вилоятлардан сотиб олинади. Демак, кооператив маҳсулотига доим харидор бўлади.

Хайрли иш ўлмас экан, мана энди туман ҳокимликлари иқтисодий ислоҳотлар доирасида кооперативларга истиқболли, талабгор маҳсулот чиқарадиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришини тавсия этиши лозим. Айрим туманларда бир иш кунида кооперативларни ташкил этишди. “Бир зумда” тайёрланган кооперативлар охири ёлғончиликни ошкор этади. Кооперативлар учун харидоргир, ҳам ички бозорга, ҳам четга мўлжалланган маҳсулотлар, маҳаллий хомашёлар руйхатини тайёрлаши муҳимдир. Масалан, пахта, пилла толалари, Олмалиқ кон-металлургия корхонасининг мис катоди, “Узвторцветмет” АЖни алюмин хомашёси, пахта, ипак матолари, терак, мева, сабзавот, Қашқадарё полимери (гранулалар) ва бошқалардир.
Туманлар ихтисослашуви
Президентимиз яқиндаги ташрифларида ҳар бир туман иқтисодиётини ихтисослаштириш юзасидан лойиҳа тайёрлашни буюрдилар. Бу жуда маъсулиятли, кенг билимларга ва таффакурга эга мутахассислар жалб этиладиган иш. Ихтисослашув мақсади нимадан иборат?
Мақсад ва моҳияти шундаки, аввало корхоналар, ишчи ўринлар пайдо бўлиши аниқ.
Биринчидан, туман яхлит бир маҳсулотни ёки маҳсулотлар мажмуини маҳаллий хомашёдан ишлаб чиқаради.
Иккинчидан, бир ёки икки йирик корхона асосий, пировард маҳсулотни ишлаб чиқарса, кичик корхоналар, кооперативлар асосий маҳсулотни чиқаришга кетадиган ярим фабрикатларни (қисмларни) буюртма асосида ишлаб чиқаради ва етказиб беради. Туман ихтисосига кўра, керак бўлган кадрларни ҳам ўзида тайёрлайди.
Учинчидан, ихтисослашган соҳага дахлдор инвесторларга, олувчиларга, ҳамкорларга мўлжал олиш, яъни танлашда, излашда қийинчилик бўлмайди. Туманни номи турли ҳалқаро саноатчилар ёки соҳа жамиятларига, ассоциацияларга аъзо бўлади, реестрига киритилади. Шунда жаҳон илғор тажрибаларидан фойдаланиш имконияти бўлади, мамлакатлараро рақобат ҳолати кузатиб борилади.

Бу макроиқтисодиёт доирасидаги фикрлардир. Энди бевосита, ихтисослашув тизимига қайтсак, ихтисослашув улкан самара, барака беради. Тизимдаги бош корхонанинг барча шериклари туманда жойлашган бўлиб, бошқарув такомиллашади.
Ихтисослашув, албатта, туман ландшафтига, ер, меҳнат, табиат ресурсларига, экин майдонига кўра амалга оширилади. Ўз-ўзидан, агар экин майдони катта ва захира ер бўлса, у туман ҳам аграр, ҳам саноат, чорвачилик йўналишларига мослашиши бемалол. Бундай туманларда, Президентимиз ташрифларида боғдорчилик-сабзавотчиликни ривожлантириш таклифи берилди. Шу жиҳатдан, Чуст, Поп туманларида тоғ-кон саноатига асос солиш мумкин. Маълумки, Мингбулоқ тумани, балиқчиликка мослашса керак. Айнан, шу туман ҳақида гап кетганда, наманганликларни ташвишга солаётган бир таъминот ҳақида айтиш ўринлидир. Вилоятимизга гуруч Хоразмдан, полиз Жиззахдан келтирилади. Бозоримизга келгани яхши, лекин, ўзингни ерингдан бўлса, маҳсулот арзон бўлиши тайин. Биргина Жиззах ошқовоғининг 1 килограмми ўтган йили кузида 3500 сўмга чиқди.
Жараёндан фойдаланиб, бизда танқис бўлган гуруч, полиз маҳсулотларини етиштиришга Мингбулоқ, Поп туманлари (ер таркибига кўра) ихтисослаштирилса. Ахир, Поп туманида қўшимча 2 минг 294 гектар, Мингбулоқда 1 минг 191 гектар ўзлаштирадиган ерлар захираси мавжуд. Умид қиламизки, шу туманлар ҳокимликлари ушбу тавсияларга ўз фикрларини билдиришса, эл маъмурчилиги ҳозирдан ҳам зиёда бўларди.
Ихтисослашувда экин майдони оз, аҳоли сони зич Наманган, Норин, Уйчи туманларини аниқ бир йўналишга мослаштириш ҳаммани ўйлашга мажбур қилса керак. Наманган туманида аҳоли сони 180 мингдан ортиқ, экин майдони эса 12 минг 401 гектардир. Аҳоли жон бошига жами экин майдони 6 сотихдан тўғри келади.
Норин туманида 11 минг 193 гектар экин майдони 164 минг 400 аҳоли жон бошига 6 сотих, Уйчи туманида ҳам 13 минг 863 гектар экин майдони 214 минг 200 кишилик аҳоли жон бошига 6 сотихдан тўғри келаяпти.
Бундай таққослашни маъноси – тахминий тақсимотдир, ҳолбуки, дон, пахта, мева-сабзавот, чорва ем хашаги, узум, полиз етарли равишда бўлса, четдан олиб келмайди. Ўзини туманидаги бозордан ўзини ҳосилини олса, арзон бўлиши ҳаммага маълум.
Албатта, муаммони кўпчилик қўяди, аммо, ечимига келганда, сукутга тушади. Гар муаммо кўтарилган экан, ечимини ҳам, айтиш даркор. 70-йилларда Наманган, Уйчи туманларига Мингбулоқ туманидан экин майдонлари берилган. Худди шу услубда деҳқончилик, чорвачилик билан шуғулланиш учун Норин, Наманган туманлари аҳолисига Мингбулоқ туманидаги, Уйчи тумани аҳолисига эса, Чортоқ туманидаги янги ерлардан ажратишни эксперимент тариқасида амалга ошириш аҳолини экин майдонга бўлган талабини қондиришга, оилаларимиз мўл-кўлчилиги ошишига чора бўларди.