ЕИ Украина ва Молдовага номзод мақомини берди
23 июнь куни Европа Иттифоқи давлат ва ҳукумат раҳбарлари Украина ва Молдовага ҳамжамият аъзолиги учун номзод мақомини беришга қарор қилди. Бу ҳақда Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель маълум этди.
Украина ва Молдова раҳбарларини қутларкан, Мишель “Бугун сизнинг ЕИ сари борадиган йўлингизда ҳал қилувчи қадам қўйилди. Бизнинг келажагимиз бирга!”, дея таъкидлади.
Мишелнинг сўзларига кўра, Европа кенгаши “Грузиянинг Европа йўлидаги истиқболи очилганини эътироф этади, қолган шартлар ҳал этилиши билан ушбу давлатга ҳам номзодлик ҳуқуқини беришга тайёр”.
ЕИ аъзолигига номзод мақомини олгандан кейин тайёргарлик жараёни бошланади. Яъни, Украина ва Молдова қонунчилиги ЕИ қонунчилигига яқинлаштирилиши лозим. Тўлиқ аъзо бўлиш учун эса Европа комиссияси талабларини бажариши шарт.
ЎзА