ЕИ саммити: санкциялар муҳокамасида қарама-қаршилик (+видео)
Европа Иттифоқи саммитида Венгрия ва Словакия давлатлари Россияга қарши янги санкциялар пакетини қўллаб-қувватламаслигини билдирди. Унда энергия соҳасида янги чекловлар ҳақида гап боради.
Брюсселдаги ЕИ саммитига келган делегатлар РФга қарши янги санкциялар пакетини муҳокама қилишди. Қизиқ жиҳати, Германия канцлери Фридрих Мерцнинг фикрлари Европа Иттифоқининг иқтисодиётига оидлиги билан ажралиб турди.
– Мен Еврокомиссиянинг Қўшма Штатлар билан тезда савдо келишувига эришиш тарафдориман, - деди у ўз нутқида.
Айрим экспертлар Мерцнинг “Европа яна ҳаракат саҳнасига айланиши керак” деган иборасини Дональд Трампнинг Американинг аввалги шон-шуҳратини тиклашга ваъда берган шиорига қиёсламоқда.
Йиғинда Европа Иттифоқининг аксарият ўлкалари Россияга қарши янги санкциялар пакетини қўллаб-қувватлаган бўлса, Словакия ва Венгрия вакиллари ҳозирча бунга тайёр эмасликларини маълум қилишди.
Хабарларда ёзилишича, Венгрия бош вазири Виктор Орбан Украинанинг Европа интеграциясига қарши эканини айтган.
– Европага интеграциялашув масаласида Венгрияни четлаб ўтиб бўлмайди, - деган у. – Бу масалада якдиллик керак, агар бирлик бўлмаса, унда интеграциялашув ҳам бўлмайди.
Журналистлар билан суҳбатда Нидерландия бош вазири Дик Схоф ва Финляндия бош вазири Петтери Орпо Словакия ва Венгрия билан муросага келиш мумкинлигини таъкидлашган.
Шунингдек, Брюссел йиғилиши кун тартибига Яқин Шарқдаги вазият ҳам киритилган. Айрим давлатлар Исроил билан мулоқотни кучайтиришга интилмоқда.
Ирландия бош вазири Михол Мартиннинг айтишича, ЕИ Ғазодаги зиддиятни тўхтата олмаётгани, болалар ва бегуноҳ фуқароларнинг ўлдирилишига барҳам бериш учун Исроилга босим ўтказа олмаётгани мутлақо тушунарсиздир.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/f9dtPOwznBc?si=R_okNA0il47i2rpR" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>К. Бекжонов, ЎзА