ЕИ коронавирус бўйича музокара олиб боради
Европа Иттифоқи Буюк Британия ва Франция чегарасида вужудга келган вазият бўйича музокара олиб бориш йўли билан мақбул бир қарорга келиши лозим. Ташкилот мутасаддилари Aнглия ва Уэльс бўйлаб тарқалиб кетган коронавируснинг янги, юқумли тури туфайли такрорий инқироз хавфи юзага келганини таъкидламоқда.
Бунга асосий сабаб сифатида кўплаб Европадаги қўшни ва бошқа мамлакатлар Буюк Британиядан келадиган сайёҳлари учун ўз чегараларини ёпиб қўйгани кўрсатилмоқда.
Aнглия янги турдаги коронавирус тўлқини Лондон жануби-шарқида тез тарқалишини тасдиқлаганидан сўнг, француз расмийлари чегарани ёпишга мажбур бўлди.
Франция Буюк Британия орқали киришни тўсиб қўйгач, бош вазир Борис Жонсон ҳукумати бунинг оқибатида каналда ушланиб қолган юкларни ташишни кечиктириш масаласини ҳал қилишга киришди.
Икки мамлакат раҳбарлари чегарадаги юкларни ташиш кечикиши билан боғлиқ муаммони бир неча соат ичида ҳал этишдан умидвор, деди Жонсон.
Жонсон ва Франция президенти Эммануэль Макрон ўртасида келишилган чоралар сешанба куни эълон қилиниши ва чоршанба куни кучга кириши кутиляпти.
Ҳозирча кўплаб юк машиналари ҳайдовчилари мана икки суткадирки, тунни ўз транспорт воситаларида ухлаб, чегара очилишини кутиб ўтказишмоқда. Буюк Британия бош вазирининг айтишича, Aнглия жануби-шарқидаги Довер портига олиб борувчи асосий автомобиль магистралида туриб қолган юк машиналари сони якшанба куни кечқурун 500 дан 170 тагача камайди.
ЎзА