Европа Иттифоқи 2027 йилгача Россия энергиясидан тўлиқ воз кечиш режаси ижросини тезлаштирмоқда.
Энергетика бўйича комиссар Дан Йоргенсен Брюсселда журналистларга берган баёнотида “келишув тез орада амалга ошади” дея ишонч билдирди. У АҚШ энергетика котиби Крис Райт билан учрашувдан сўнг, айниқса, рус суюлтирилган гази (LNG)ни рад этиш масаласида Вашингтон билан яқиндан ҳамкорлик қилинаётганини таъкидлади.
Июль ойида имзоланган Трансатлантик савдо келишувига кўра, ЕИ уч йилда 750 миллиард долларлик АҚШ энергия маҳсулоти харид қилади. Шу тариқа Қўшма Штатлар ЕИни РФ импортини тезроқ тўхтатишга ундамоқда.
Комиссия 2026 йил январдан янги шартномани тақиқлаш, июнгача қисқа муддатли келишувларни, 2027 йил охиригача эса узоқ муддатли битималарни бекор қилиш таклифини киритган.
Австрия, Венгрия, Словакия каби Россияга боғлиқ давлатлар бу ташаббусга қарши чиқмоқда. ЕК раҳбари Урсула фон дер Ляйен Европа парламентида сўзлаган нутқида “Москвага босимни кучайтириш, кўпроқ санкция белгилаш ва айниқса фосил ёнилғисидан тезроқ воз кечиш зарур” дея қатъий баёнот берди.
Мутахассислар ушбу қарор ЕИни РФдан кечиб, АҚШга қарам қилиши мумкинлигидан хавотир билдирган. Масалан, Болгариянинг собиқ экология вазири, таҳлилчи Юлиан Попов шундай дейди:
– Россия газини узиш ахлоқий жиҳатдан тўғри, аммо бу шунчаки АҚШга қарамликка айланмаслиги керак. Ҳақиқий ечим – қайта тикланувчи энергия ва самарадорлик.
Шунингдек, айрим Европа қонунчилари ЕИ АҚШни рози қилиш учун экология қонунлари борасида ён беришидан хавотир оляпти. Яшиллар партияси депутати Ютта Паулус таъкидлашича, агар АҚШ компаниялари учун истисно қилинса, бошқа импортчилар ҳам тегишли талаб қўяди. Натижада ЕИнинг Метан тўғрисидаги қонуни “тишсиз” ҳужжатга айланади.
Кўҳна қитъа Россиядан энергия мустақиллигини тезроқ қўлга киритмоқчи. Бу жараён Европанинг яшил келажаги ва АҚШга қарамлик ўртасидаги нозик мувозанатни синовдан ўтказмоқда. Агар Брюссель ўз иқлим мажбуриятидан чекинмаса, асосий ечим – қайта тикланувчи энергияни жадал ривожлантириш бўлиб қолаверади.
Мусулмон Зиё, ЎзА