Эҳтиёжмандлар учун тиббий кўрик
Сирдарё вилояти Гулистон ва Янгиер шаҳарлари ҳамда Оқолтин туманида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан "Халқнинг тиббиётдан розилиги" ҳафталиги шиори остида, ижтимоий аҳволи оғир, I ва II-гуруҳ ногирони бўлган фуқаролар учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.
– Мазкур тиббий кўрикни ташкил этишдан мақсад, ижтимоий аҳволи оғир, I ва II-гуруҳ ногирони бўлган фуқаролар саломатлигини яна бир бор назоратдан ўтказиш, уларнинг тиббиётга оид муаммоларини ҳал этишга кўмаклашишдан иборат, – дейди Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Юсуф Мирхонов. Жойларда ўтказилган тиббий кўрик жараёнига вилоят ва туман, шаҳар даволаш профилактика муассасаларининг кардиолог, невропатолог, уролог, гинеколог, офтальмолог, стоматолог, психолог, эндокринолог каби тор доира мутахассислари жалб этилди. Асосий эътибор ижтимоий аҳволи оғир, I ва II-гуруҳ ногирони бўлган фуқаролар, юқумли ва юқумсиз касалликлар сабаб уйда ётиб қолганлар саломатлигига қаратилди.


Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникада 1200, Янгиерда 700, Оқолтин туманида 500 нафарга яқин фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилди. 11 нафар фуқарога Республика, 150 нафар фуқарога вилоят ва ўз ҳудудидаги даволаш профилактика муассасаларида стационар шароитда, 400 дан зиёд фуқарога амбулатор шароитда даволаниш, қайта тиббий текширувдан ўтиш учун тавсия ва маслаҳат берилди.


Сурункали касаллиги боис, юқори технологик жарроҳлик амалиётга муҳтож бўлган 10 нафар фуқарога амалий ёрдам кўрсатилиб, ушбу турдаги жарроҳлик амалиётини Давлат тиббий суғуртаси ва бошқа жамғармалар ҳисобидан ўтказиш бўйича келишиб олинди.
Ш. Суяров, ЎзА