Эҳтиёжмандлар кўнгли тоғдай кўтарилди
Мусулмон олами учун энг муқаддас ойлардан саналган Моҳи Рамазоннинг ҳар бир куни об-ҳаво мўътадиллиги, юртимизда тинчлик-хотиржамлик ҳукмрон паллада ўтаётгани халқимизни беҳад қувонтирмоқда. Зотан, юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да инсонлар кўнглини кўтариш мақсадида қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
Чунончи, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 21 мартдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорида ҳам одамийлик, инсон шаънини улуғлаш, яхшилик ва меҳр-саховат каби эзгу фазилатларни намоён этадиган, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизни қадрлаш, оила ва маҳаллаларда, бутун юртимизда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги белгиланди. Наманганда "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ҳомийлик маблағлари ҳисобидан вилоятдаги мавжуд 791 та маҳалла фуқаролар йиғини томонидан шаҳар, туман ҳокимликлари, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси, Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг вилоят вакиллиги ҳамкорлигида ифторлик дастурхоналари ташкил этилмоқда.

Маҳаллалардаги имом-хатиблар, сектор раҳбарлари, маҳалла фаоллари, нуронийлар, эҳтиёжманд оилалар аъзолари иштирокидаги ифторлик дастурхонларида ёшлар таълим-тарбияси, шукроналик фазилати, ижтимоий-сиёсий жараёнларга бефарқ бўлмаслик ҳақида сўз юритилмоқда. Юртимизга тинчлик, дастурхонларимизга тўкинлик, деҳқончиликларга барака, фарзандларимизга ғайрат шижоат, кексаларга мустаҳкам соғлиқ сўраб, дуога қўл очилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Наманган шаҳридаги Чинор маҳалласида бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов ҳудудда аҳоли турмуш фаровонлиги кейинги олти йил ичида ижобий томонга тубдан ўзгарганлиги, кўча ва ички йўллар, ичимлик суви ҳамда канализация тармоқлари янгиланиб, маҳалла фуқароларининг ҳаёти яхшиланганлигини таъкидлади.

"Боғи эрам" мажмуасида ташкил этилган ифторлик дастурхонига йиғилган катта-ю кичик ўз маҳалласидаги янгиланиш ва бунёдкорлик ишларидан чин дилдан шукроналар айтди. Шу куни ижтимоий дафтарларга киритилган кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳам меҳмонга чорланиб, уларга совғалар улашилди. Вилоят миқёсида ўтказилаётган кунлик ифторлик дастурхонлари ушбу қутлуғ ойда эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш, оилалар ва маҳаллаларда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Маълумот ўрнида, Наманган вилоятида ташкил этилаётган ифторлик дастурхонлари учун ҳар бир маҳаллага 9-9,5 миллион сўм, вилоятдаги 791 та маҳалла фуқаролар йиғинига эса жами 7 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилган. Бу ўз навбатида, жонажон юртимизда инсон қадри юксак даражада улуғланаётганидан ёрқин далолатдир.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА.