Дилафрўз Ҳайдарова Навоий вилоятининг Конимех тумани Шўртепа маҳалласида истиқомат қилади. У “Аёллар дафтари” рўйхатида туриб, тадбиркорликни йўлга қўйган хотин-қизлардан бири.
Дилафрўз маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси тавсияси билан имтиёзли кредит олиб, дастлаб 10 қути билан асаларичиликни йўлга қўйганди. Тадбиркор аёлларга берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланаётган қаҳрамонимиз асаларичилик йўналишидаги лойиҳасини янада кенгайтириб, бугунги кунда қарийб 100 қутидан зиёд асаларини парваришламоқда.
Яна бир “Аёллар рўйхати”да турган хотин-қизлардан бири Қизилтепа тумани Ўртақўрғон маҳалласида яшовчи Нилуфар Қулиева ҳам давлатимиз томонидан берилаётган имтиёзлардан фойдаланди. Унга ҳам имтиёзли кредит ажратилгач, чорвачилик билан шуғуллана бошлади. Бугунги кунда ҳар иккала қаҳрамонимиз ҳам қўшимча даромад манбаига эга.

Албатта, юртимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш ҳамда уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жойларда “Аёллар дафтари” тузилиб, иш билан таъминлаш, уларга тиббий ва психологик ёрдам қамровини кенгайтириш йўлга қўйилди. Турли даражадаги моддий ёрдам ажратилиб, уларнинг ижтимоий аҳволини яхшилаш борасида чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Навоий вилоятида “Аёллар дафтари” тизими асосида олиб борилган ишлар натижасида 2025 йилнинг 3 ойи давомида 30 минг 137 нафар хотин-қизнинг 7 минг 675 нафарига белгиланган тартибда ижтимоий-иқтисодий ёрдамлар кўрсатилди ва уларнинг муаммолари ҳал этилди.
Жумладан, биринчи тоифадаги 1394 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланган бўлса, иккинчи тоифадаги 349 нафар хотин-қизга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун 6 миллиард 519 миллион сўмлик кредит маблағи ажратилди.

Ижтимоий дафтар рўйхатига киритилган боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд аёлларни моддий қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 1332 нафар хотин-қизнинг ҳар бирига нақд пул кўринишида бир марталик моддий ёрдамлар ажратилиб, бу мақсадларга 904,6 миллион сўм маблағ сарфланди. Шунингдек, 3606 нафар ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек, тезкор тиббий муолажага муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизларга ҳам кўмак кўрсатилди.
– Ўрганишлар давомида “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган эдим, – дейди Кармана тумани Янгиариқ маҳалласида яшовчи Рухсат Нуруллаева. – Соғлигимни тиклашим учун мурожаат қилгандим, тегишли тартибда моддий ёрдам ажратилди. Натижада жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, соғлигим яхшиланди.
Албатта, бугунги кунда хотин-қизларни қийнаётган ҳар бир муаммони ҳал этишда алоҳида ёндашув асосида иш олиб бориляпти. Бунда 330 та маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган Аёллар маслаҳат кенгашлари, “маҳаллабай” ишлаш тизимига ўтган барча масъул ташкилотлар раҳбарларининг дафтардаги аёллар билан юзма-юз мулоқот ташкил этилиши ижобий натижаларни бермоқда.
Навбаҳор тумани Кескантерак маҳалласида яшовчи 52 ёшли Гулшан Раҳмонова ҳам ишсиз, уйи эса таъмирталаб эди. “Аёллар дафтари”га киритилгач, унинг бошпанаси таъмирдан чиқарилди.
– Қийналиб қолган, ёрдамга муҳтож пайтимда “Аёллар дафтари” томонидан кўмак берилди. Бунинг учун мутасаддиларнинг барчасидан бениҳоя миннатдорман. Мазкур дафтар мен сингари кўплаб аёллар оғирини енгил қиляпти, – дейди Г. Раҳмонова.
Биргина жорий йилнинг 1-чорагида Гулшан Раҳмонова сингари 90 нафар уй-жойга муҳтож, бошпанаси таъмирталаб аҳволга келиб қолган эҳтиёжманд хотин-қизлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланди. Шунингдек, 904 нафар қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзандлари мавжуд аёлларга 1 миллиард 784,2 миллион сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ажратилган бўлса, 1874 нафар хотин-қиз тиббий кўрикдан ўтказилди.
Албатта, бу каби амалий ишлар “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан ишлаш тизимининг аниқ белгилаб олинганидан дарак. Айни пайтда аёлларимизнинг муаммоларини бартараф этиш ва бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар давом этмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири