Эҳтиёжманд оилалар доим эътиборда
Мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш сифатини ошириш ва жамиятга фаол интеграциясини таъминлаш мақсадида қатор тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бу борада, маҳаллаларда жорий этилган комплекс ижтимоий хизмат кўрсатиш тизими алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, эҳтиёжманд оилаларга манзилли ёрдам кўрсатишда ўз самарасини бермоқда. Жумладан, Ангрен шаҳри 8-Март маҳалла аҳолиси 4 минг 987 нафарни ташкил қилади. Бу ерда 1 минг 381 та оила ва 1 минг 63 та хонадон мавжуд. Уларнинг 119 нафари ногиронлиги бўлган шахслар сифатида рўйхатга олинган.
Маҳаллада фаолият юритаётган ижтимоий хизмат кўрсатиш тизими орқали ҳар бир мурожаат жойида ўрганилиб, ҳар бир оила билан индивидуал ишлаш тамойили асосида муаммолар бартараф этилмоқда. Таҳлилларга кўра, жорий йил бошидан буён 538 дан ортиқ мурожаат қабул қилинган бўлиб, уларнинг 90 фоиздан ортиғи ижобий ҳал этилгани бу тизимнинг самарадорлигини кўрсатади. Бунда ижтимоий ходим Мафтуна Абдурайимованинг касбига бўлган юксак масъулият ва фидойилиги ҳам бор.

– Ушбу тизим маҳаллаларда жорий этилгани ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фаровонлигини таъминлаш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш учун қулай имконият яратди, – дейди Мафтуна Абдурайимова. – Шу жараёнда ижтимоий ходим сифатида ўз ҳиссамни қўшаётганимдан фахрланаман. Мақсад ёрдамга муҳтожларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, жамиятда ўз ўрнини топишларига кўмаклашиш.
Мазкур маҳалладаги Озодлик кўчасида яшовчи 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс Марҳабо Йўлдошева ва унинг турмуш ўртоғи Раҳматилла Йўлдошевнинг оиласи оғир ижтимоий вазиятда эди. Оила ҳолати ижтимоий ходим томонидан ўрганилиб, “Камбағаллик реестри”га киритилди. Уларнинг ягона даромади томорқада етиштирилаётган гулларни сотиш орқали олинарди. Кўрсатилган ёрдамлар натижасида бола нафақаси тайинланди, икки нафар фарзанд инглиз тили тўгарагига бепул қабул қилинди. Марҳабо опага ногиронлик нафақаси тайинланди, шу билан бирга, ҳомийлар ёрдамида фуқаронинг фарзандларига ўқув қуроллари етказилди, турмуш ўртоғи Раҳматилла Йўлдошев “Ўзбеккўмир” АЖга ишга жойлаштирилди.
– Ижтимоий ходимнинг ёрдами билан оиламиз ҳаётида ижобий ўзгаришлар бошланди. Фарзандларим тўгаракка боради, турмуш ўртоғим ишга жойлашди. Энг асосийси, энди ўзимизни жамиятнинг фаол вакили, деб ҳис қиламиз, – дейди Марҳабо Йўлдошева.
Комплекс ижтимоий хизмат кўрсатиш тизими нафақат моддий ёрдам, балки инсонларнинг ижтимоий фаоллашувига, ўзига бўлган ишончини тиклашга хизмат қилмоқда. Бу тизим орқали жамиятда инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик қадриятлари мустаҳкамланиб бормоқда. Шундай экан, ҳар бир ижтимоий ходимнинг фидокорона меҳнати ортида бутун бошли оилаларнинг тақдири, умиди ва келажаги мужассам.
А.Мусаев, ЎзА.