Эҳтиёжманд фуқарога амалий кўмак берилди
Бухоро вилояти Қоракўл тумани Янги турмуш маҳалласида яшовчи Қаҳрамон Қодиров 1972 йилда туғилган бўлиб, ногиронлиги сабаб, мустақил ҳаракатланиш, кундалик юмушларини бажаришга қийналади. Шундай бўлсада, уйи олдида енгил конструкцияли кўчма хизмат кўрсатиш объектида компьютер хизматлари фаолияти билан шуғулланиб, ойига 1-1,5 миллион сўм даромад топади. Ёлғиз ўзи яшайди.
Мазкур маҳаллага туман “Инсон” ижтимоий хизматлари маркази ижтимоий ходими Нозима Ҳамдамова масъул бўлиб, ўрганиш жараёнларида Қаҳрамон Қодиров мустақил ҳаракатлана олмаслиги сабабли, унинг реабилитация қилишнинг техник воситасига эҳтиёжи борлиги (электрон аравача) ҳамда кундалик юмушларини бажара олмаслигини инобатга олган ҳолда, унга “Инсон” ижтимоий хизматлари маркази томонидан ассистент ажратишларини сўраган эди.


Ушбу мурожаат қисқа муддатда ижобий ҳал этилиб, Қаҳрамон Қодировга электрон аравача берилди. Шунингдек, марказ томонидан “Бартер ва Лоутон” шкаласи бўйича ўтказилган баҳолаш мезони натижасига кўра, унга ассистент бириктириб берилди. Шу билан бирга, Қаҳрамон Қодировга фаолият юритиши учун уйи атрофидаги умумтаълим мактабидан жой ажратиб берилди.
ЎзА фотомухбири
Тоҳир ИСТАТОВ олган суратлар