Эҳтиёжманд беморларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатилмоқда
Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи
Президентимизнинг 2026 йил 17 февралдаги ”Муборак Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида”ги қарорида кам таъминланган, эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга кўмаклашиш муҳим вазифа сифатида белгиланган.

Наманган вилоятида эзгулик, бирдамлик, олижаноблик ва шукроналик тимсоли бўлган қутлуғ Рамозон ойида аҳолининг эҳтиёжманд қатламини давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш тадбирларида тиббиёт ходимлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Бунда ижтимоий реестрдаги оилалар аъзоларини даволаш ва жарроҳлик амалиётини ўтказиш бўйича астойдил иш олиб борилмоқда.
Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида етмишдан зиёд беморларни соғломлаштириш ишларига киришилди.
Хусусан, Мингбулоқ тумани Маданият маҳалласида истиқомат қилувчи кам таъминланган оила бекаси Қизлархон Усмонова хайрли имкониятдан фойдаланган илк бемор бўлди. У бугуноқ тиббиёт марказига ётқизилди. Маълум бўлишича, бемор сўритокдан йиқилиб тушиб, умуртқасидан жиддий жароҳатланган. Унга мазкур шифо масканида тез кунларда жарроҳлик амалиёти ўтказилади.
Чуст туманидаги Ғова қишлоғидан келган Комилжон Отажонов ҳам шифохонага жойлаштирилган беморлардан бири бўлиб, унинг таянч-ҳаракат аъзоларида муаммо мавжуд. Дўхтирлар беморларни соғломлаштириш ишларини бошлаб юборишди.
Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Абдуллажон Ғозиевнинг қайд этишича, вилоят бўйича 264 нафар бемор “Вақф” хайрия жамоат фонди, 133 нафари эса давлат тиббий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан соғломлаштирилади.

Ҳудудларда “Вақф” хайрия жамоат фонди ваучерлари эгаларига тантанали равишда топширилди. Далатобод туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази директори Шербек Усмонов ва туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари ўринбосари Абдумутал Акбалаевлар ҳудудда яшайдиган, ижтимоий реестрда турувчи беморларга даволаниш учун ваучерлар тақдим қилишди.
Ушбу жараён Янги Наманган туманида ҳам давом эттирилди. Туман ҳокимининг ўринбосари Беҳзод Жўраев ва туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ботиржон Маъмуровлар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази вакиллари иштирокида аҳолининг эҳтиёжманд қатлами хонадонларида бўлди. Саховат ва Мустақилликнинг беш йиллиги маҳаллаларида истиқомат қилувчи, номлари ижтимоий реестрга киритилган оилалар вакиллари жамғарма номидан чиқарилган даволаниш ва юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилиши ҳуқуқини берувчи ваучерларни қабул қилиб олишди.
– Улуғ Рамазон ойида биздек эҳтиёжманд, хастаҳол кишиларга ғамхўрлик қилаётган Президентимизга беҳад миннатдорлик билдираман, – дейди оғир касалликдан азият чекаётган Замира Эргашева. – Бугун мен каби инсонларга кўрсатилган илтифот ва меҳрибонликдан бошимиз осмонга етди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА