Эҳтиёжманд аёлларга тикув машиналари топширилди
Янги йил байрами арафасида Андижон шаҳридаги боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган ва кам таъминланган оилалардаги 40 нафар аёлга тикув машиналари топширилди.
Андижон шаҳридаги маҳаллаларда “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг доимий даромад манбаини шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида 40 нафар эҳтиёжманд опа-сингилларимизга тикув ва “оверло” машинкаларининг топширилганлиги улар учун янги йил байрамига муносиб совға бўлди.
–Кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ҳал этиш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, турмуш шароитларини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Наргиза Улуғбекова. – Бу борадаги Андижон шаҳрида ҳам изчил ва тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, тикув машиналарининг берилиши билан кўплаб опа-сингилларимизнинг бандлиги таъминланди, уларнинг доимий даромад манбаи шакллантирилди.
Умуман, Андижон шаҳрида кўрсатилаётган эътибор ва берилаётган кенг имкониятлар натижасида тикув машиналари олиб, ўз хонадонида тикувчилик фаолияти билан шуғулланаётган аёллар сафи тобора ортиб бормоқда.
[gallery-15292]
–Тикувчилик ҳунарини эгаллаганман, лекин тикув машинам йўқлиги учун бу иш билан шуғуллана олмаётган эдим, – дейди Кенгаш маҳалласида яшовчи Дилафруз Отахонова. – Янги тикув машинаси сотиб олишни орзу қилардим. Янги йил байрами арафасида ана шу орзуим амалга ошди. Шаҳар ҳокимлиги, оила ва хотин-қизлар бўлими кўмаги билан тикув ва “оверло” машинаси олдим.
Андижон шаҳрида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, айниқса, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”да турувчи эҳтиёжманд аёл ва қизлар бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбаини шакллантиришга қаратилган юқоридаги каби ишлар изчил давом эттирилади.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари