Эҳтиёт бўлинг, сифатсиз компьютерлар кўпаймоқда!
Бугун кўп тармоқлар қатори бозорлар ҳам ривожланди. Аммо, асрлар ўтса-да, бозордаги савдогар ва харидор ўртасидаги муаммолар ҳануз тугагани йўқ...
Сўнги кунлар бозорда учраётган аксарият муаммолардан бири эса маиший техника воситаларининг носозлиги билан боғлиқ. Қуйида бир нечта мисолларни кўриб чиқамиз:
Масалан, Наманган вилоятида яшовчи Дилмурод Воҳидов “Медан” маиший техника дўконидан компьютер сотиб олган, афсуски, яхши ниятларда олинган компьютер носоз чиққан.
У компьютерни алмаштиришга олиб борганда эса дўкон ходимлари уни таъмирлаб беришини айтган, аммо фуқарони таъмир ҳолати ҳам қониқтирмаган.
Оқибатда, бундан норози фуқаро Наманган шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ариза қолдиради. Жамият ходимлари дўкони иш ишюритувчиси ва мурожаатчи билан бевосита суҳбатлашиб, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда бу каби ҳолатларга қандай ёндашиш лозимлигини тушунтирган.
Суҳбат сўнг, истеъмолчи талаби қондирилиб, ўша куннинг ўзида унинг маблағи қайтариб берилди.
Тошкент вилоятида яшовчи Отабек Норчаев ҳам Юнусобод туманидаги дўконларнинг биридан компьютер сотиб олганди. Аммо кўп ўтмай, бу компьютер ҳам ишлатилгани маълум бўлади. Шундан сўнг истеъмолчи Федерациянинг ишонч телефонига мурожаат қилиб, муаммосини ечишда амалий ёрдам беришларини сўрайди. Мазкур мурожаат Шайхонтоҳур тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ижобий ҳал этилиб, фуқарога янги компьютер жамламаси олиб берилди.
Яна бир шундай муаммо Ислом Қаюмов билан ҳам юз берди. У “Малика” савдо мажмуасидан 7500000 сўмлик ноутбукни бир йиллик кафолат муддати билан харид қилади. Аммо қисқа вақтда ноутбук ишламай қолади. У дўконига мазкур масалада мурожаат қилса-да, муаммо ечим топмайди.
Ҳолатдан норози бўлган Ислом Қаюмов Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясига мурожаат қилиб, ариза қолдирган. Ариза жамият ходимлари томонидан ўрганилиб, ноутбук дўкон томонидан таъмирлаб берилди.
Гулноза Шарафова,
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш федерацияси матбуот хизмати ходими