
Тошкент вилоятида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар иштирокида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт орти меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиниб, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда.
Пискент туманидаги Хотира майдони ва “Ёшлар боғи”да ҳам 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган байрам тадбири ўтказилди. Туман ҳокими Раҳимжон Рихсиев фахрийларни табриклади.
Маълумотларга кўра, 1941-1945 йилларда Тошкент вилоятидан жами 121 минг 969 нафар киши фронтга кетган. Уларнинг 22 минг 617 нафари жангларда ҳалок бўлди. 19 минг 367 нафари эса бедарак йўқолган. Ўша пайтлар биргина Пискент туманидан 4 минг 530 нафар навқирон ўғлонлар ва аёллар жангга отланган. Аёвсиз жангларда уларнинг 1 минг 714 нафари қаҳрамонларча қурбон бўлган. 2 минг 816 нафари Ватанни ҳимоя қилиб, орден ва медаллар билан она юртга қайтган.
– Афсуски, бугунги кунда қаҳрамонларимиз сафи йилдан-йилга камайиб бормоқда, – дейди туман ҳокими Раҳимжон Рихсиев. – Бугун табаррук 100 ёшни қаршилаган Анорқул ота Ҳотамов, Ашир ота Ўсаровларни жонли тарих десак, янглишмаган бўламиз. Ватан ҳимояси йўлида Берлингача кириб борган қаҳрамонларимизнинг ҳаёти навқирон ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ўзига хос мактабдир.
Тадбирда улар каби фидойи инсонларга юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилди. Самимий суҳбатлар давомида уруш йилларида халқимиз кўрсатган беқиёс қаҳрамонликлар хотирланди. Даҳшатли Афғон уруши иштирокчилари, фарзандларини қонли йўлларга кузатиб, сабру бардош, матонат билан меҳнат қилган фронт орти меҳнат фахрийлари ёдга олинди.
Ҳозир туманда ғалаба учун туну кун меҳнати билан ҳисса қўшган меҳнат фахрийларининг 48 нафари, Афғон урушида жанг қилганларнинг 158 нафари кексалик гаштини суриб, фарзанду набиралари ардоғида умр кечирмоқда.
Тадбирда фахрийларга совғалар берилди. Иккинчи жаҳон уруши даври акс эттирилган композициялар, ҳарбий техникалар, қурол-аслаҳалар кўргазмаси, аскарларнинг жанговар чиқишлари намойиш қилинди. Байрам тантанаси “Ёшлар боғи”даги концерт дастурига уланди. Эл ардоғидаги хонандаларнинг дилтортар қўшиқлари тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.
А.Мусаев,
ЎзА