ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси раҳбари билан учрашув
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев 15 сентябрь куни Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ)нинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш миссияси раҳбари Оуэн Мерфи билан учрашди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва ЕХҲТ ДИИҲБ ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
ЕХҲТ ДИИҲБнинг тавсияларини татбиқ қилиш, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексини такомиллаштириш доирасидаги муваффақиятли ҳамкорлик таъкидланди.
[gallery-3894]
Томонлар, энг аввало, инсон ҳуқуқлари, сўз, дин ва эътиқод эркинлиги, гендер тенглиги, ёшларни қўллаб-қувватлаш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, демократик янгиланишларнинг ҳуқуқий базасини илғор халқаро амалиёт асосида мустаҳкамлаш борасида узоқ муддатли ва самарали шерикликни давом эттиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Хорижда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишга кўмаклашиш, шу жумладан, сайловда иштирок этиш учун онлайн рўйхатдан ўтиш имкониятини яратиш, муддатидан олдин сайёр овоз бериш амалиётини жорий этиш ва бошқа амалий чора-тадбирлар бўйича ТИВ ва республиканинг хориждаги муассасалари фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.
С.РАҲИМОВ,
ЎзА мухбири