Эҳ, орзулари армон бўлган болам-а...
Аслида йигирма олти ёшда барча йигитлар ҳам қаҳрамон бўла олмайди.
Бу ҳаёт қонуни, кечмиш битиги.
Эҳтимол сайёрамизнинг қайсидир бурчагида нотинч дунёнинг ўша дамларида кимнингдир йигирма олти ёшда Ватан осойишталиги, юртдошлари, онаизори тинчлиги учун кўкрагини қалқон қилишга журъати ё ақлу-заковати ёки ору-номуси етишмай қолган бўлиши ҳам мумкин.

Сариосиё туманининг тоғли ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда қатнашиб, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш йўлида қаҳрамонлик кўрсатган, Ватан тинчлиги, юрт ободлиги учун жонини берган Муҳиддин Эштемировнинг ҳаёт йўлини тасаввур қилсам, негадир кўнглимга шундай фикрлар келади. Яна шундоқ қирчиллама ёшида бирор касб-корнинг этагидан тута олмай, ота-онаси қўлига қараб турган фарзандлар, жиноят кўчасига кириб қолган ноқобил йигитлар, ҳозиргидек осуда, обод замонга шукрона айтиб яшаш ўрнига маҳалла-куйда турли “хурмача” қилиқлар ўйлаб топадиган ёшлар кўз олдимдан ўтади. Бу хилдаги йигитларда озгина журьат ёки шижоат, андаккина ғурур ёки меҳр-оқибат бўлса, ота-оналари, қавму-қариндошлари, маҳалладошлари юзини ерга қаратмай, аксинча уларга тиргак бўладиган, юрт корига ярайдиган қобил фарзанд бўлмасмиди, деган ўй хаёлимдан кечади.

Сурхондарёлик сержант Муҳиддин Эштемиров эса йигирма олти ёшида юрт учун ширин жонидан кечиб, бу дунёдан ўзига ҳайкал қўйиб кетди. Мард, қўрқмас, доно ўғлон сифатида умр омонатлиги ва унинг қадрига етиб яшашнинг мазмун-моҳияти ҳақида қўнғироқ чалиб кетди. Қисқа, аммо сермазмун ҳаёти билан тенгдошлари, маҳалла-куй, сафдошлари ва уни таниган барчада яхши хотираларни қолдириб кетди.
Муҳиддин камолга етган оилада беш қиз, тўрт ўғил улғайди. Ҳусан бобо билан Манзура момонинг бошқа фарзандларидан ҳам кўра, олтинчиси¬ Муҳиддинга меҳри бўлакча эди. Боиси зийрак, ақлли, серғайрат ва барчага бирдек меҳрибон бола эди. У улғайгач, Термиз тумани “Намуна” хўжалигидаги еттинчи мактабда таълим-тарбия олди. Бошланғич синфларданоқ тиришқоқлиги билан барча тенгдошларига ўрнак бўлиб, аъло баҳоларга ўқиди. Синфда 18 ўғил, 17 қиз бола илм олди. Бугун нафақат синфдошлари балки, мактаб ўқитувчилари учун ҳам шўх, илмга чанқоқ, мард йигитнинг ҳаёти унутилмас хотира бўлиб қолди.
– Муҳиддин жуда аълочи бола эди, – дея эслайди бўлажак Ватан ҳимоячисига бошланғич синфларда сабоқ берган Бибираҳима Бобомурадова. – Биринчи синфга ўқишга келганидаёқ ақллилиги ва зийраклиги билан бошқа тенгдошларидан ажралиб турар эди. Унинг яна бир фазилати¬ болаликдан синфдошларини кетидан эргаштириб юриш қобилияти бор эди. Агар бирор сабаб билан дарсга келмай қолса ўрни сезилиб тургани ҳали ҳам кўз олдимдан кетмайди. Тарих билан жисмоний тарбия фанига қизиқиши баланд бўлганини ҳам ҳеч унутолмайман. Беғубор эркаланиш ва шўхлиги, хотирасининг кучлилиги, тиришқоқлигига барчамиз ҳавас қилар эдик. Муҳиддин ана шундай бошқача ўқувчи, бошқача ёқимтой бола эди. Афсус...

М.Эштемиров 29 йил муқаддам умумтаълим мактабини аъло баҳоларга битириб, ўша йили Термиз давлат университетининг тарих факультетига ҳужжат топширди. Синовлардан муваффақиятли ўтиб, талабалар сафига қабул қилинди. 1997 йил ўқишни муваффақиятли тугатиб, муддатли ҳарбий хизматга йўл олди. Бир йил хизмат қилиб, ота-онаси, қавму-қариндошлари бағрига қайтди.
– Муддатли ҳарбий бурчини ўтаб келгач, вилоят божхона бошқармасига ҳужжатларини топширди, – дейди онаси Манзура момо. – Божхоначи бўлиш истаги борлигини айтди. Суҳбатлардан ўтиб, уч йил кутди. Бироқ, ишга олиш бўйича буйруғи чиқмади. Шундан сўнг ҳарбий қисмга ҳужжат топширди. Қаранг, пешонасига ёзилган эканми, 2001 йил май ойидан ҳарбий соҳада шартнома асосида хизмат қила бошлади. Болагинам, ҳарбийда икки ойча ишлади. Кўп орзуси бор эди. Ҳали рўзғор ҳам қурмаган эди. Бақувват, полвонсифат, шўх, беғубор, каттаю-кичикка меҳрибон бола эди. Ҳарбийга ўтгач, сўнгги марта келганида қандайдир сабаб билан гапимиз саҳал келишмай қолди. Ўшанда бир нарсага эътибор бердим. Ҳар сафар ишга кетаётганида кузатаётсам йўлга чиққач, орқасига тез-тез ўгирилиб, токи катта йўлга чиқиб олгунча менга қараб кетарди. Шу сафар кузатганимда ортига қайрилиб қарамади. Тўғри катта йўлга чиқиб кетди. Эҳ, ўшандан сўнг 2001 йил 14 июлда шум хабар келди. Эҳ, орзулари армон бўлган болам-а! Уни бошқа кўриш менга насиб этмади. Шундан буён беихтиёр кўчага чиқиб, болагинамни кутаман. Келиб қолса керак, деб умид қиламан. Гоҳо ётоқхонасига кириб, ундан мерос бўлиб қолган нарсаларга, расмларига узоқ тикиламан. Баъзан жангариларни лаънатлаб, кўнглимга таскин берган бўламан...
Манзура момо маъюс эсга олган 2001 йил Сариосиё ва Узун тумани тоғларида тинч, фаровон турмушимизни бузишга уринган жангариларга қарши кураш олиб борилди. Шартнома асосида хизмат қилган М.Эштемиров ҳам душман билан беаёв курашиб, Ватанга садоқати ва она тупроғига муҳаббатини кенг намоён этди.
Ўша йили Сариосиё туманининг тоғли ҳудудларида номаълум қуролланган шахсларнинг ҳаракатлари ҳақида маълумот олингач, сержант М.Эштемиров хизмат қилаётган бўлинма шахсий таркибига жанговар вазифа қўйилди. Муҳиддин қалтис вазиятда разведка-қидирув ҳаракатларини олиб борди. Вазиятнинг жиддийлигини инобатга олиб, ўта сергаклик билан ҳаракат қилди ва атрофни синчковлик билан кузатди. Пистирмага дуч келди. Террорчилар билан жангга киришиб, икки жангарини ер тишлатди. Пистирма томон қўл гранатасини улоқтириб, пистирма ҳақида сафдошларига хабар беришга улгуриб қолди. Қисқа муддат кечган отишмада сержант Муҳиддин Эштемиров жасорат кўрсатиб, мардларча ҳалок бўлди.

Термизлик ботир жангчининг кўрсатган жасорати вафотидан сўнг давлатимизнинг юксак мукофоти – “Жасорат” медали билан тақдирланди. “Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларига 10.15.20 йил”, “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил”, “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” эсдалик нишонлари билан мукофотланди.
Айни пайтда Муҳиддин таълим олган мактабда унинг халқимиз тинчлиги учун кўрсатган мардлиги ўз аксини топган бурчак ташкил этилган. Ҳарбий қисмларда унинг қасамёдига содиқлиги ўз ифодасини топган сурат ва лавҳалар ёш ҳарбийлар учун том маънодаги ибрат мактаби вазифасини ўтамоқда. У улғайиб, вояга етган маҳаллага Муҳиддин Эштемиров номи берилган.
– Ўғлим Муҳиддинжон Ватан ҳимоясида жасорат кўрсатганидан фахрланаман, – дейди М.Эштемировнинг онаси М.Диллаева. – Қисқа, аммо жасоратга тўла умри давомида келгуси авлодларга ҳам намуна бўладиган ҳаёт йўлини босди. Мамлакатимиз равнақи, хонадонларимиз осойишталиги учун жонидан кечди. Мана, шунга ҳам йигирма йил бўлмоқда. Ҳар йили байрамлар арафасида ҳарбийлар келиб, ҳол-аҳвол сўраб турибди. Қўмондонлари моддий-маънавий қўллаб-қувватламоқда. Бунинг учун давлатимиздан миннатдормиз. Болагинамнинг халқимиз ва сафдошлари қалбида абадий яшаётгани бизга қувват бўлмоқда.
Ҳа, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 29 йиллиги ва 14 январь¬ Ватан ҳимоячилари куни олдидан тинчлигимиз посбонлари яна Манзура момо уйига талпинмоқда. Улар тинч, осуда ҳаётимиз учун курашда қаҳрамонларча ҳалок бўлган марҳум Муҳиддин Эштемиров вояга етган хонадонда бўлиб, унинг ёрқин хотирасини ёдга олаётир. Шу кунларда Жанубий оператив қўмондонлик бошлиғи, полковник Қодиржон Турсунов ҳам бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар билан мард, содиқ фарзандни тарбиялаган онаизор хонадонида бўлиб, Манзура момо билан суҳбатлашди, дардига дармон бўлди. Озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа туҳфаларини топширди. Бундай эътибор Ватан тинчлиги учун ўз бурчини бажариш чоғида яхши ном қолдириб кетган ботир ўғлон оиласининг фахр ҳиссини юксалтирмоқда, руҳини шод этаётир. Жамиятда меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлаб, ёш авлодни юртга муҳаббат, қасамёдига садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат ҳисси билан тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА