Давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун имзоланди ва жамоатчилик эътиборига тақдим этилди.
Мазкур қонунда аҳолини узоқ йиллар давомида қийнаб келаётган уй-жой ва ерга доир масалалари ижобий ечим топиши кўзда тутилган. Қонун 2024 йилнинг 8 ноябрдан кучга кирди ва айнан шу кундан эътиборан бошқа ҳудудлар қатори Тошкент вилоятидаги мавжуд 1 минг 28 та маҳаллада режа-жадвал асосида хатловдан ўтказиш ишлари бошланди. Унга Давлат кадастрлари палатасининг вилоят бошқармаси ҳамда ҳудудий филиалларидан жами 207 нафар мутахассис жалб қилинди.

– Қонунчиликка мувофиқ, хатлов натижалари бўйича ҳар бир объект тўғрисидаги маълумотлар “Эътироф” электрон ахборот дастурига киритилиши, улар 18 та вазирлик ва идоралар томонидан 2 ой ичида кўриб чиқилиши ва жамоатчиликка эълон қилиши белгиланган эди. Якунида эса ижобий хулоса берилган объектларга нисбатан Халқ депутатларининг вилоят Кенгаши сессиясида кўрилиб, эгалик ҳуқуқларини эътироф этилиши юзасидан қарорлар қабул қилиниши лозим. Хусусан, Нурафшон шаҳрида бугун Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида ҳам кўрилган бир қатор масалалар доирасида Оққўрғонлик 9 нафар фуқаронинг якка тартибдаги уй-жойларига ва улар жойлашган ер участкаларига нисбатан эгалик ҳуқуқлари эътироф этилди. Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси томонидан мазкур фуқароларга Кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилди. Эндиликда мазкур ҳужжат эгалик ҳуқуқи учун асос бўлиб, келгусида яшаш жойига доимий рўйхатга қўйиш, мерос ва бошқа бир қатор нотариал ҳужжатларни амалга ошириш имкониятини яратади, – дейди Давлат кадастрлари палатаси Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Жасур Аҳроров.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, айни пайтда ҳудудларда хатлов ишлари давом этмоқда. Ҳозиргача жами 23 минг 425 та объект хатловдан ўтказилиб, шундан 9 минг 587 та объект маълумотлари “Эътироф” электрон ахборот дастурига киритилди. Шундан 433 та объект жамоатчиликка эълон қилинди.

А.Мусаев, ЎзА