Кеча Европа қитъасининг энг нуфузли футбол мусобақаларидан бири бўлган Европа Чемпионлар лигасининг чорак финал ўйинлари бўлиб ўтди. Биринчи кун “Бавария” – “Интер”, “Арсенал” – “Реал” жамоалари ўзаро рақобатлашди.
Мюнхен шаҳрида ўтказилган “Бавария“ ва “Интер“ жамоалари баҳсида мезбонлар кутилмаганда 1:2 ҳисобида рақибларига имкониятни бой бериб қўйди. Учрашувнинг 38-дақиқасида Лаутаро Мартинес “Бавария” дарвозасини ишғол этган бўлса, 85-дақиқада Томас Мюллер ҳисобни тенглаштирди.
Бироқ орадан 3 дақиқа ўтиб, Давиде Фраттези мезбонлар дарвозасига иккинчи голни жойлаб қўйди ва “Интер“нинг 1:2 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.

Европа Чемпионлар лигасининг чорак финали доирасидаги кутилмаган натижаларидан бири Лондонда қайд этилди. Унда “Арсенал” эскича форматдаги ЕЧЛнинг амалдаги ва сўнгги ғолиби “Реал”ни 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Учрашувда Деклан Райс жарима зарбаларидан иккита тўп киритди, Микель Мерино “канонирлар”нинг учинчи голига муаллифлик қилди.
Бу жамоалар мазкур мусобақада бундан аввал 2006 йилда ўзаро тўқнаш келган. Ўшанда лиганинг 1/8 финал босқичида “Реал” ўз уйида 0:1 ҳисобида мағлубиятга учраган бўлса, жавоб ўйинида 0:0 ҳисобида дуранг қайд этган.

16 апрель куни мазкур жамоаларнинг жавоб ўйинлари ўтказилади.
Бугун, 9 апрель куни эса чорак финал баҳслари доирасида “Барселона” – “Боруссия Д”, “ПСЖ” – “Астон Вилла” жамоалари ўзаро рақобатлашади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА