Футбол бўйича Европа чемпионлар лигаси умумий босқичининг 2-тур учрашувлари ўз якунига етди.
Ушбу турнинг иккинчи кунги баҳсларида “Арсенал” ўз уйида “Олимпиакос”га қарши майдонга тушиб, 2:0 ҳисобида рақибларини таслим қилди. “Наполи” эса “Спортинг”ни қабул қилиб, 2:1 ҳисобида зафар қучди. “Ювентус” – “Вильярреал” ва “Монако” – “Манчестер Сити” жамоалари ўртасидаги тўқнашув бир хил - 2:2 ҳисобида якунланди.

Ушбу турнинг марказий ўйини дея эътироф этилган “Барселона” ва “ПСЖ” клублари учрашуви 1:2 ҳисобида тугади. Ўйиннинг 19-дақиқасида мезбонлар вакили Ферран Торрес гол уриб, ҳисобни очган бўлса, орадан 19 дақиқа ўтиб, Маюлу ҳисобни тенглаштирди. Иккинчи бўлимнинг 90-дақиқаси ўтиб бораётганда Гонсалу Рамуш “ПСЖ” жамоасининг иккинчи голига муаллифлик қилди.
Таъкидлаб ўтиш лозимки, бу учрашув парижликлар учун тарихий аҳамият касб этди. Сабаби, “ПСЖ” қитъанинг йирик халқаро мусобақалари тарихида “Барселона”ни Каталонияда кетма-кет уч марта мағлубиятга учратган биринчи жамоа бўлди. Дарвоқе, “Барселона” ҳам ўзгача тарихий натижа қайд этди. Жамоа барча турнирларда ўз майдонида ўтказилган 45 та учрашувда узлуксиз гол урди ва 1942-1944 йиллар давомида қайд этилган рекордни такрорлади. Ўшанда "Барселона" ўз уйидаги кетма-кет 44 та ўйинда рақиблар дарвозасини узлуксиз ишғол қилган.

Шу тариқа, лиганинг иккинчи турида қайд этилган натижалардан сўнг
“Бавария”, “Реал Мадрид”, “ПСЖ”, “Интер”, “Арсенал” ва “Қорабоғ” 6 очко тўплаб, жадвалнинг юқори поғоналаридан ўрин олди.
“Боруссия Дортмунд”, “Манчестер Сити” ҳамда “Тоттенхэм” бир хил 4 очко билан 7-9 ўринларга жойлашган бўлса, “Атлетико Мадрид”, “Ньюкасл”, “Марсель”, “Брюгге”, “Спортинг”, “Айнтрахт Ф”, “Барселона”, “Ливерпуль”, “Челси”, “Наполи”, “Юнион”, “Галатасарай” ва “Аталанта” 3 очко тўплаб, голлар нисбатига кўра, 10-22 поғоналарга тақсимланди. “Ювентус”, ”Будё-Глимт” ва “Байер” жамоалари бор-йўғи 2 очко жамғариб, 23-25 ўринларни банд этди.
Шунингдек, “Вильярреал”, “ПСВ”, “Копенгаген”, “Олимпиакос”, “Монако”, “Славия П” ҳамда “Пафос” ҳисобида 1 тадан очко бор ва улар 25-32 ўринларга кетма-кет жойлашган. “Бенфика”, “Атлетик Бильбао”, “Аякс” ва “Қайрат” клублари очкосиз қуйи ўринларда бормоқда. Европа чемпионлар лигасининг 3-тури 21-22 октябрь кунлари бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА