Ҳеч ким вируснинг домига тушмасин
Фарғона вилоятида илк бор Ёзёвон туманида коронавирусни юқтирган бемор қайд қилинди.
Фарғона вилоятида илк бор Ёзёвон туманида коронавирусни юқтирган бемор қайд қилинди. Бу кўпчиликни саросимага солиб қўйгани ҳам рост. Тиббиёт ходимлари барча саъй-ҳаракатларни кўрди, туман ҳудудида кучайтирилган карантин жорий қилинди.
Битта оиланинг барча аъзоларида инфекция аниқланиб, шифохонага ётқизилди. Бир ўлим ҳолати ҳам бўлди. Лекин бу офат билан курашда туман ҳокимлиги, ички ишлар, миллий гвардия, санитария эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари, шифокорлар ва аҳолининг ҳамжиҳатлиги катта бўлди, касаллик жиловланди. Коронавируснинг вилоятга тарқалиши олди олинди. Айни пайтда туманда барқарор ҳолат сақланиб турибди. Туман юқумли касалликлар бўлими ҳамшираси Турсуной Иброҳимова бу йўлда фидоийлик кўрсата олди.
Унинг Президентимиз фармони билан «Соғлом турмуш» медали билан мукофотлангани ҳақидаги хабар бирпасда бутун туманга тарқалди. Турсунойни биринчи бўлиб қадрдон жамоаси қутлади. Унинг кўзларидаги севинч ёшлари пандемиянинг дастлабки кунларидаги меҳнати машаққатларини бир лаҳза хотирлашга сабабчи ёшлар эди.
– Шу соҳада 28 йил ишлаган бўлсам, фаолиятимда илк бор жуда қийналдим, – дейди Турсуной Иброҳимова . – Марғилондаги тиббиёт билим юртини битириб, юқумли касалликлар шифохонасига янги ишга борганимда ҳам бунчалик қўрқмагандим. Ёзёвонда вирусга чалинган касал чиқибди, деган кундан биз шифохонада қолдик. Менга устозларим ҳар қандай касалдан қўрқмасликни ўргатган. Шу боисдан вирус юқтириб олган касалга меҳр билан, ҳеч нарсадан ҳадиксирамай қарадим. Фақат мен эмас, врачлар, ҳамширалар оддий беморга қарагандай қарашди. Кўп ўтмай шифохонамиз карантинга олинди. Ана шу фурсатда менинг ҳам томоғим шишиб, ўзимни лоҳас сеза бошладим. Тезда текширувдан ўтказишиб, Фарғонадаги юқумли касалликлар шифохонасида даволандим. Сўнг «Чимён» санаторийсида дам олдим. Ишга чиқишим керак эди, уйда озгина қурилиш ишлари борлиги учун раҳбарлардан илтимос қилиб меҳнат таътили олдим. Президентимиз дастлаб 100 миллион сўм билан тақдирлади. Мана энди ушбу медаль билан мукофотлади. Шу фурсатдан фойдаланиб, халқимиздан илтимос қиламан, ўзингизни, яқинларингизни, бошқаларни ҳам эҳтиёт қилиш учун карантин қоидаларига риоя қилайлик. Бу вирус тезда юқувчан, иммунитети паст одамларни анча қийноққа соладиган туридан. Ушбу вирус билан юзма-юз келган тиббиёт ходими сифатида ҳеч ким унинг домига тушмасин, дейман.
Турсуной яна қайноқ ҳаёт ичида. Саломатликни асрашдек эзгу ишга ҳисса қўшаётганидан доимо миннатдор.