ЭҲФ – замон талабига мос таклиф
Демак, курьер орқали уларни етказиб бериш, топширишни ҳам таъминлаш керак.
Одатда таъминловчи ва харидорлар ўртасида ҳар куни ҳисобварақ-фактуралар, ишончнома, бажарилган ишлар далолатномаси, товар-транспорт юкхати ва шу каби ўнлаб битимлар тузилади. Тасаввур қилинг, икки томон мазкур ҳужжатларни қоғоз шаклида расмийлаштиради. Демак, курьер орқали уларни етказиб бериш, топширишни ҳам таъминлаш керак.
Шунча саъй-ҳаракатларга яраша бу жараёнлар ижроси тез ва осон ҳал бўлармикин? Албатта, йўқ. Чунки ҳужжатларни қоғоз шаклида ўзаро алмашиш кўп вақт, харажат талаб этиши кундай равшан.
Бундай “йўқотиш”лар шу билан якун топмайди. Бухгалтерлар катта ҳажмдаги қоғоз ёзувларини бирма-бир таҳлил қилиб чиқиш учун алоҳида куч ва меҳнат сарфлайди. Бу ҳам етмагандек, ҳужжатларда хато ёки камчиликларга йўл қўйиш, йўқотиб қўйиш ёки қалбакилаштириш хавфи ҳам йўқ эмас. Қарабсизки, ҳаммасини янада қайтадан бошлашга тўғри келади.
Бундай ташвишлар янгиликка хайриҳоҳ, қулайликка интилувчи ишбилармонлар учун мутлақо ортиқчадир. Улар замон талабига мос янги имкониятларни танлайди, кичик тежамкорлик билан катта унумдорликка эришишни кўзлайди. Электрон ҳисобварақ-фактуралар (ЭҲФ) тизими ана шундай талаб ва истакларга ҳар томонлама мос.
Ушбу тизим тезкорлик, қулайлик ва сифат бобида ишончни муносиб оқламоқда. Тизимга киритилаётган янги ўзгаришлар эса унинг имкониятлари қамрови ва фойдаланувчилари доирасини тобора кенгайтиряпти. Бу ҳақда “Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази мутахассиси Нодир МУҲАММАДОВ қуйидагиларни маълум қилди.
– Айни вақтга келиб, анъанавий тарзда расмийлаштирилаётган ЭҲФдан ташқари унинг янги шакл ва турлари ҳам яратилди, – деди Н.Муҳаммадов. – Хусусан, эндиликда илгари яратилган хато расмийлаштирилган ва тасдиқланган ЭҲФларга тузатиш киритиш зарурати юзага келганда янги турдаги ҳисобварақ-фактурадан фойдаланиш қўл келади. Уни расмийлаштириш учун дастлаб тизимдаги «Тузатувчи» тоифаси танланади. Сўнг тузатмоқчи бўлган ЭҲФнинг рақам ва сана, 24 элементдан иборат ID – рақами киритилади. Янги яратилган ЭҲФ икки томонлама тасдиқлангандан кейин эскисининг ҳолати ўзгаради ва янги ЭҲФ маълумотлари ҚҚС ҳисоботининг реестрида акс эттирилади.
Харидор ЭҲФни ўз вақтида қабул қилмаса-чи?
Бу масала ҳам энди муаммо эмас. Харидор (контрагент) томонидан қабул қилинмаган, имзолаш жараёнида турган ва етказиб берувчи томонидан бекор қилинмаган электрон ҳисобварақ-фактураларни етказиб берувчи (сотувчи)нинг ҚҚС ҳисоботида автоматик тарзда шакллантириш имконияти яратилди.
Шунингдек, харидор (контрагент) томонидан қабул қилинмаган, имзолаш жараёнида турган ва етказиб берувчи томонидан бекор қилинмаган электрон ҳисобварақ-фактуралар, улар қабул қилингунга қадар харидорнинг ҚҚС ҳисоботида акс этмайди ва ҳисобга (зачётга) олинмайди.
Уч томонлама тақдим этилади. Қачонки...
Товарларни (хизматларни) топшириқ шартномаси бўйича реализация қилишда ишончли вакил сотиб олувчи номига топшириқ берувчи номидан ҳисобварақ-фактура тақдим этади. Ҳисобварақ-фактурада топшириқ берувчи ва сотиб олувчининг реквизитларидан ташқари ишончли вакилнинг реквизитлари ҳам кўрсатилиши лозим. Бундай ҳисобварақ-фактура уч нусхада тақдим этилади. Биринчи нусха сотиб олувчига, иккинчиси топшириқ берувчига юборилади, учинчиси эса ишончли вакилда сақланади.
Ҳамкорлар янада яқин
Корхона ўз филиалларига эга бўлса, my.soliq.uz сайти орқали уларни қўшиши мумкин. ЭҲФ яратилаётган вақтда тегишли филиални танлаш орқали керакли ҳамкор билан ўзаро ҳужжат алмашинувини амалга ошириш мумкин.
Ҳозир республикамиз миқёсида 203 мингдан зиёд юридик шахс ва 40 мингдан ортиқ ЯТТлар ҳисобварақ-фактураларнинг электрон шаклидан фаол фойдаланиб, муҳим вазифаларни соддалаштиришга, иш жараёнларини енгиллаштиришга эришмоқда. Фойдаланувчи кам харж ва фаол ҳаракат билан катта самарани кўзлаган бўлса, уларнинг сафидан жой олишнинг айни фурсати. Агар тизим билан боғлиқ қандайдир савол ёки тушунмовчилик бўлса, info@rouming.uz ёки https://rouming.uz/contacts электрон манзилларига мурожаат қилиш мумкин.