Мамлакатимиз дзюдочилари сентябрь ойининг сўнгги кунларида Чехия ва Хитой давлатларида ўтказиладиган нуфузли мусобақаларда иштирок этади.
Терма жамоамизнинг маҳоратли дзюдочилари Шаҳрам Аҳадов ҳамда "Париж-2024" Олимпиадаси совриндори Алишер Юсупов бош мураббий Алексей Будолин бошчилигида 27-28 сентябрь кунлари Хитойнинг Шандун провинцияси Синдао шаҳрида ўтадиган Гран-При туркумидаги турнирда ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Бугун, 25 сентябрь куни 26 та давлатнинг 200 нафардан зиёд дзюдочилари иштирок этадиган мазкур турнирга қуръа ташлаш маросими ва мандат комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтади.
Чехия пойтахти Прага шаҳрида 27-28 сентябрь кунлари ўтадиган “Prague European Open-2025” турнирида дунёнинг 38 давлатидан 435 нафар дзюдочи иштирокидаги мусобақаларда терма жамоамизнинг 11 нафар аъзоси ғолиблик учун кураш олиб боради.
Прага татамиларида кечадиган курашларда ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган дзюдочилар орасида Олимпия ўйинлари совриндорлари Давлат Бобонов ва Музаффарбек Тўрабоев ҳам бор.
“Prague European Open-2025” баҳсларида иштирок этадиган дзюдочиларимиз бугун, 25 сентябрь куни Словакия йиғинини якунлаб, Чехияга йўл олди.
Эртага, 26 сентябрь куни мусобақага қуръа ташлаш маросими ташкил этилади.
Т.Рўзиев,
ЎзА